Шоира - Умида Абдуазимованинг Наврўз табриги:


 

НАВРЎЗ - ЯНГИ КУН


     Мен беҳад ҳурсандман!
     Ҳаяжонларимни юртимиз раҳбари 8-март муносабати билан совға қилган ноутбукда ёза туриб, ҳозиргина у инсон билан бир столда ўтириб, наврўз таомларидан тановул қилиб, Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғини сайру саёҳатлаб келдим, - десам, ишонасизми?
     Мулоқотнинг чинакам суратини кўнгилларга чизиб; Одамлар билан самимий суҳбатлашиб; Бирини ота-онасидек, бошқасини опа-сингил, ака-укасидек кўриб; Болажонларни эркалатиб; Бутун боғ бўйлаб айланиб чиққан раҳбаримизга минг раҳмат!
     Бошда халқ тинчлиги ва тўқчилиги учун минг бир режалар, олдинда жиддий сафарлар турса-да, ўта камтарлик билан одамларга меҳр улашиш;
     Ҳар бирининг қўлини олиб, суҳбатга киришиш таҳсинга лойиқ, ўрнак олишга арзир ҳолат!
     Илоҳо, узоооқ, ҳотиржам ва тани сиҳатликда яшасинлар!
     Қойил қолганим: юртимиз раҳбари халқ билан мулоқот қандай бўлишини бизларга ўргатяптилар.
     Кеча Сирдарё вилоятидаги тантаналарда иштирок этиб қайтгандим.
     Бир - биридан пазанда юртдошларимиз ўз дастурхонига таклиф қилар, гўшту устухонни кўклам кўкатларига қўшиб қандай дармонли таом тайёрлаганига баҳо беришимни сўрар эди...
     Бугун Тошкетдаги мўл-кўлчилик, тўкин ва тўқчиликнинг намойиши - катта-кичикка халим ва ош сузиб, наврўз таомлари билан меҳмон қилиш, етук санъаткорларни узоқдан, яъни катта сахнадан эмас, ён атрофида туриб маҳоратини кузатиш - одамлар қалбига уюштирилган сайл, энг қисқа йўл эмасми?
     Ҳа, Наврўз сайли самимиятга сайр, жамиятга тенглик, тотувлик неъматларини улашиб келишига орзуманда сайл бўлмоқда.
     Ҳар гўша обод, диллар озодки, кекса-ю ёш кўнглига байрам сиғмоқда.
     Куй-қўшиқлар, карнай - сурнайларнинг авжи энг юксак чўққиларга чиқмоқда. Тинчликка, тўкинчиликка шукроналик яллалари авжланмоқда.
     Қалбларда ҳуррам, ҳамма бир-бирига меҳрибон она Ватанда мавжудлигидан хаяжонлар мавжланмоқда.
     Менинг ҳаяжонимнинг ҳаммаси бугина эмас!
     Биз ўтирган «супа» ёнида, китоблар қучоқлаб, ён-атрофида дасталанган ақл қаймоғи бўлмиш китоблар билан... Абдулла Қодирий бобомиз ҳайкали ҳам турибди!
     Ёнида юртимиз зиёлиларидек зилол орзули фаввора! У иллатларни тозалашга шаймиз , гарчанд ўзимиз кирлансак-да, - дегандек атрофга биллур томчилар сочмоқда.
     ҚУЁШ тафти ҳам бундай дамларда би-и-р ёқимли!..
     Юртимиз раҳбари қарсак чаларканлар, хоразм ва қорақалпоқ куй-қўшиқлари остида сафни тўлдириб момоларимиз миллий кийимларида ўтиб бораётган опа-сингилларимиздан завқланиб, мен ва халқаро футбол хаками Равшан Эрматовга қараб:
- Қанчалик тарихимиз бой!
     Қанчалар ота-боболаримиз ақлли-я! Бундай либосларни янада оммалаштириш керак! -дедилар, кўзлари ёниб.
     Мен бу гапдан беҳад илҳомланиб кетдим:
- Қайсидир «мадонна»ларга эмас, ўзимизнинг бувиларимиз кийган либослар, таққан тақинчоқларга меҳр қўйишимиз керак...
Ўз «мадонна»ларимиз бор, башанг кийинган, савлатли бўлиб, ҳашамдооор кўринган, азал - азалдан...
     Ҳа, ўз тарихий кийим - кечакларимизни ёшартириш, ўз тақинчоқларимизни қайтадан яшнатиш пайти келди!..
     Кураш тушиб чаққон харакат қилган йигитчалар қорақалпоқ, хоразм, андижону бухороча шаҳдам ҳаракат билан ўйнаётган эркакларга ўрнини бўшатди. Мен эса Равшанжонни суҳбатга тортдим.
Сиз ҳам ўйнайсизми?
- Йўўўқ, опа, шундан йўўман...
     Ҳа, йигитлар рақсида ҳам жозиба ўзгача! Уфори-ю, «дилхирож», «лазги» ёки «полка»га тушаётганлар оёқ учида югуриб қўядиган мана-ман дегудек арманиларни қочиргудек экан, биз ҳам бежиз махлиё бўлиб боқмадик-да, уларга!
     Таом ейишига қараб, меҳнаткашлигини чамалаган боболаримиз йигитларни рақсга қандай тушишини ҳам баҳолашиб, беллашган...
Баҳоринг муборак, она Ўзбекистоним! Янги Кун, Йил бошинг ҳурсандчилик билан бошланяпти экан, ҳар кунинг ҳайру саҳоватли бўлсин.
Ерга тушган уруғ - ризқимиз бутлигига, кўнгилларга улашилган меҳру оқибат эса иноқ-иттифоқда яшашимизга ишорадир.
Бахту тахтимизни барқарор қилиб кел, Наврўз! 

Умида АБДУАЗИМОВА.