Адолатпеша устоз


Фируза ХОЛИҚОВА, журналист

АДОЛАТПЕША УСТОЗ

  Бугун 15 январь, дадам таваллуд топган кун... ҳаёт бўлганларида эди...
 Дадам ҳақида ўтган замонда гапириш менга қанчалик оғир бўлмасин, шунчалик масъулиятли ва шарафлидир. Ота-онаси билан ғурурланиш, уларга муносиб фарзанд бўлиб яшашга интилиш инсон учун ниҳоятда улуғ саодат. Шукрки, биз ана шу саодатдан бошимиз баланд. Дадам Даврон Холиқов 1948 йилда Қашқадарё вилояти Касби туманида таваллуд топганлар. 1970 йил Бухоро давлат педагогика институти, 1981 йил Самарқанд қишлоқ хўжалик институти, 1983 йил Москва ветеринария академиясини тугатганлар. Педагогика фанлари номзоди. Бир қатор рисола, монография, ўқув қўлланма, илмий-оммабоп мақолалар ва бир қанча фан дастурлари муаллифи.
  Қатор йиллар Қарши давлат Университетининг педагогика кафедрасида, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли “Ўқув услубиёт” марказида директор, Республика “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари ўринбосари лавозимларида ишлаганлар.
 Республика “Оила” илмий-амалий марказининг ташкил топишида дадамнинг ўрни бениҳоя катта. Марказ очилгандан бошлаб то умриларининг сўнгига қадар дадам ўз фарзандидек бу даргоҳни севди ва қадрлади. Улар том маънода оилашунос олим эдилар. Дадам ёзган бир қатор рисолалар маҳаллаларда ташкил этилган ва фаолият кўрсатаётган “Ота-оналар университети”, “Оила дорилфунуни” курсларида оила ва никоҳнинг мустаҳкамланиш омили бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатимиз томонидан отамнинг меҳнатлари Мустақиллигимизнинг 15 йиллиги ва йигирма йиллиги муносабати билан кўкрак нишонига муносиб кўрилди.
  Дадам мен учун дунёдаги энг меҳрибон ва комил инсон эдилар. Доим фарзандим дерди, биз учун елиб-югурар, муаммоларимизни ўйлар, биз фарзандлари учун куйиб-пишар эдилар. Кетиш чоғида ҳам болам дея кетдилар. Катта акамнинг хасталиги дадамга оғир зарба бўлди. “Ўғлимнинг тобутини кўрмай” деб қайта-қайта такрорлардилар. Ниятларига етдилар. Акам отам раҳматлининг вафотларига бир йўл тўлиб дунёдан ўтдилар.
  Дадамдаги фазилатлар балким ҳамманинг отасида бордир, лекин барибир менинг дадам бошқача эдилар. Ўзлари учун яшамадилар дадажоним. Шу кўнглимга оғриқ солади. Онажоним билан биз фарзандларининг роҳатини кўриб яшайман деганда, бизни ташлаб кетдилар...
  Биз ортларида қолган фарзандлари, набиралари дадамнинг чала қолган ишларини давом эттириб, инсонларга яхшилик қилишга, ўз меҳнатимиз, фидоийлигимиз билан “Отанга раҳмат!” деган эътирофга эришсак, ўйлайманки дадамнинг руҳлари шод бўлади. Бугун уч фарзанд, ўн икки невара ҳар лаҳза отамнинг ёди билан яшаётган онамга тиргак бўлишга ҳаракат қиляпмиз.
  Инсон юз йил яшаб ҳам одамларга ҳеч қандай наф келтирмай соядек яшаб ўтиши мумкин. Дадам олтмиш тўрт йиллик қисқа ҳаёт йўлида ота-онасига муносиб, дуосини олган фарзанд, жигарларига меҳрибон ини, оиласига вафодор, ҳар томонлама суянч бўла оладиган умр йўлдош, фарзандларига ўрнак бўлишга арзирли ота, шогирдларига яхшилик соғинадиган адолатли устоз бўла олдилар.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот