Ойпарастлик хавфли касалликми?


  Таҳририятимизга келган мактубларнинг бирида самарқандлик Дилноза Алимова шундай ёзади: “Кейинги пайтда уйимизда ғалати ишлар содир бўляпти. Бир куни эрталаб турсам, шкафимдаги кийимлар ноодатий ҳолда тахлаб қўйилган экан. Орадан бирмунча вақт ўтганидан кейин яна ғалати бир ҳолатга гувоҳ бўлдим: ошхонамда кимдир ҳамма жойни ун қилиб хамир қорибди. Эртаси куни эса ўғлимнинг дарс столи устида маҳорат билан чизилган сурат пайдо бўлди. Бу ишларни ким қилаётганини билмасдан бошимиз қотди. Турмуш ўртоғим ҳам, фарзандларим ҳам елкаларини қисиб юз бераётган ишлардан бехабар эканликларини айтишди. Бироқ бу ишлар мени борган сари хавотирга сола бошлади. Шу боис турмуш ўртоғим билан уйқудан воз кечиб, кузатув ишларини олиб бордик. Не кўз билан кўрайликки, 12 ёшли ўғлим уйқусида хонама-хона кириб айланиб юрибди. Қўрқувдан юрагим ёрилай деди. Нима қилишни билмай шошиб қолдим. Исмини айтиб чақириб, уйғотишга ҳаракат қилдим. Бунга касаллик деб қараш керакми ёки ўтиб кетадиган бир ҳолатми, билмаймиз. Аслида ушбу касаллик қандай пайдо бўлади, хавфли эмасми, деган саволлар бизни безовта қила бошлади. Саҳифаларингиз орқали саволларимизга жавоб топишимизда ёрдам берсангиз.”

   Республика болалар ортопедияси маркази болалар невролог шифокори Сабоҳат Шомаҳмудова айни касаллик борасидаги саволларимизга шундай жавоб берди: 

– Инсон ҳаётининг 25 фоиздан кам бўлмаган қисми уйқуда ўтади. Баъзи одамлар (кўпинча болалар) ширин тушлар кўриб, тетиклашиб дам олиш ўрнига, уйқусида юради, баъзан эса овқатланади ва турли одатий ишлар билан шуғулланади. Тиббиётда бу касалликнинг номи Сомнамбулизм деб аталади. Ушбу касаллик ярим уйқу ва ярим уйғоқлик фазасида юзага келади. Бундай вақтда одам гипнозга ўхшаган онг ўзгариши ҳолатида бўлади. Тери таъсирчанлиги пасаяди ёки йўқолади, баъзи ҳис-туйғу аъзоларининг фаолияти ва субъектнинг гипнозга мойиллиги кучаяди. Миядаги “уйқу маркази” тананинг уйқу ва уйғоқлик ҳолатини назорат қилаётиб, уйқу вақтида миянинг бир қисмини ҳамда маълум асабларни беркитиб қўяди. Одатда уйқу маркази ва тана бир-бири билан боғланган бўлса-да, баъзан тескариси ҳам бўлади – мия ухлайди, тана эса уйғоқ қолади.

Касаллик қандай юзага келади?
   Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари турлича бўлиши мумкин: туғуруқ жараёнида орттирилган травма, автоҳалокат оқибатида юзага келган бош мия жароҳатлари ёки мунтазам равишда асаб тизимига бериладиган турли зарбалар (асосан оилавий муҳитнинг ёмонлиги) оқибатида юзага келиши мумкин.
Руҳий хасталик эмас
   Баъзи одамлар бу касалликка эътиборсизлик қилишади, шунинг учун ҳам унинг аслида қандай касаллик эканлигини, айнан нима сабабдан юзага келишини билишмайди. Сомнамбулизмни камдан-кам учрайдиган руҳий хасталик деб ҳисоблашади. Аслида эса бундай эмас. У асаб бузилишининг бир кўриниши ёки бош мия шикастланишининг (туғма ёки орттирилган) оқибатидир. Олимларнинг тажрибалари натижасида маълум бўлдики, бу касаллик ирсий бўлиши ҳам мумкин. Яъни ота-онанинг ҳар иккиси ҳам сом­намбулизмдан азият чеккан бўлса, уларнинг фарзандларида ойпарастлик ривожланиши эҳтимоли 60 фоиз бўлиши мумкин.
Хавф нимадан иборат?
   Ойпарастлик инсон учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди, дейиш жуда қийин. Ойпарастларнинг 25 фоизга яқини ўзига турли зарар етказади. Ҳаттоки, деразадан тушиб кетиш ҳолатларини ҳам учратдим. Тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, бу касалликнинг турли кўринишлари мавжуд. Кимдир уйқусида гапиради, кимдир йиғлаб дод солади, яна кимдир айтиб ўтганимиздек, уйқусида ҳаракатланади. Ана шундай ҳаракатланадиган одамлардан ҳамма нарсани кутиш мумкин. Шунинг учун ҳам ушбу касалликни хавфли деб ҳисоблайман. 
Ҳимоя қилиш чоралари
   Уйингизда ушбу касалликка чалинган бемор бўлса, албатта, хавфнинг олдини олишга шошилганингиз маъқул. Ўткир кесувчи ёки санчилувчи буюмларни чеккароққа олиб қўйиш, эшик-деразаларни беркитиш (юқори қаватларга панжара ўрнатиш) зарур. Ётоқ тепасига тинчлантирувчи гиёҳлар – ялпиз, лаванда аралашган хушбўй ҳид таратувчи халтачаларни илиб қўйиш ҳам айни муддао. Халқ табобатида ҳам бунинг олдини олиш чоралари кўп. Энг кенг тарқалган халқ усули ётоқ ёнига ҳўл латта ёки шолча тўшаб қўйиш. Ҳўл ва совуқ нарсани босган ойпараст уйғониб кетади.
Даволаш қай даражада муҳим?
   Психотерапевт шифокор сифатида маслаҳат берган бўлардимки, фарзандингизда травма ёки бош чайқалишига ўхшаш бирор нима сездингизми, албатта, шифокорга мурожат қилинг. Касалликнинг биринчи белгисини бартараф этсангиз, ундан бутунлай қутуласиз.

   Баъзан нотўғри тушунча натижасида беморлар психотерапевт шифохонасидан узоқроқ юришга ҳаракат қилишади. Бироқ бу ҳолатда шифокор маслаҳати ҳаводек зарур. Фақат мутахассисгина тўлиқ текширувдан сўнг, хусусан, энцефаллограмма (бош мия фаоллигини текшириш мақсадида олинадиган сурат) орқали ташхис қўйиб, муолажа тайинлайди. Енгил ҳолларда эса психотерапевт қабулидаги бир нечта муолажа машғулотлари ва юмшоқ седатив дори воситалари ёрдам беради. Болангиз учун эса бундай дорилардан кўра кўпроқ кечки ҳаводаги сайр, тунги сокин мусиқа ёки оқшомги эртак, хонадаги муҳит, ухлашдан олдинги табиий гиёҳлар билан қабул қилинган ванна ёрдам беради. Шуни ҳам айтиб ўтмоғим жоизки, агар касалликка эътибор қилинмаса, оқибати биз кутганимиздан-да ёмон бўлиши мумкин (албатта, ҳаммада касалликнинг даражасига қараб). Узоқ вақт давом этиб келган сомнамбулизм асорати судургига олиб келади. 

Ўзи ўтиб кетиши мумкинми?
   Агар сомнамбулизм хуружлари ўсмирлик даврида ойда бир марта содир бўлиб, бола руҳан соғлом бўлса, ёши катталашгани сари ўтиб кетиши мумкин. Аммо шифокорнинг маслаҳати ота-онага хотиржамлик учун зарурдир. Агарда, хуружлар бир тунда 2-3 маротаба такрорланса ёки бошқа руҳий бузилишлар мавжуд бўлса, изтироб ёки стресс ҳолати белгилари пайдо бўлади. Ва бундай ҳолда, албатта, мутахассисга мурожаат қилиш керак.

   Касалликнинг олдини олиш учун, аввало, оиладаги шароитни яхшилаш ва тўғри кун тартибига риоя қилиш зарур. Мен гувоҳ бўлган бемор болаларнинг баъзилари ота-оналарнинг жанжаллари сабабли, кучли стрессни бошидан ўтказишган ва касалликка чалинган. Оилавий жанжаллар боланинг тарбияси билан бирга саломатлигига ҳам зарар етказиши мумкинлигини унутмаслигимиз зарур.

   Кун тартиби ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Тушликдан кейинги тамадди маҳалида қаҳва, аччиқ чой, шоколад, газли ичимликларни истеъмол қилмаслик лозим. Чунки бу каби маҳсулотлар таъсирчанликни оширишга хизмат килади. Кечки соат еттидан кейин телевизор ва компьютер қаршисида ўтиришдан воз кечган маъқул. Ётоқхона ҳарорати ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Ухлашдан олдин хонани яхшилаб шамоллатиб, ҳароратни ўзингиз учун қулай ҳолга келтириб ухлаш тавсия этилади. Уйқу олдидан ёқимли ва тинчлантирувчи мусиқа эшитиб дам олиш ҳам фойдали.

 Ойнинг қандай дахли бор?

   Ойпарастлар тунги саргузаштларини ой тўлган вақтда амалга оширади деган тушунчалар ҳам бор. Аммо бу хато тушунча. Сомнамбулизмни кўпинча ойнинг одамга таъсири билан боғлашади, шундан “ойпарастлик” деган ном келиб чиққан. Бироқ бу илмий жиҳатдан исботланмаган. Шунчаки бу касаллик билан боғлиқ ҳолатлар тунги уйқу вақтида содир бўлади. 

Василабону Ҳабибуллаева суҳбатлашди.
Манба: "Оила ва жамият" газетаси.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот