Метрода яшайдиган арвоҳ


(Мистик ҳикоя)

             Маҳлиё ишхонасидан чиққан пайтида анча кеч тушиб қолган эди.Мусофирчиликда яшаётган ёш аёл бу хил ҳаёт тарзидан жуда безиб кетган бўлса-да,бегона шаҳарга ишлаб каттароқ пул топиш мақсадида келгани учун барча қийинчиликларга чидашга мажбур эди.

    Ҳозир ҳам  ижара уйига  имкон борича эртароқ етиб олиш мақсадида метрога тушаркан,жудаям қаттиқ толиққанини ҳис қилди. Санкт Петербургдаги гул дўконида гулдаста ясовчи бўлиб ишлайдиган Маҳлиё шаҳарнинг у бурчагидан бу бурчагига қатнашга мажбур эди.Бу масофа анчагина олислиги боисидан агар жой топилса метрода гоҳо   мудраб  олишга ҳам имкон бўларди.

    Бахтига бир бекат юргач,ўриндиқда жой бўшаганини кўрган Маҳлиё дарров ўша жойга ўтириб олди.Сумкасини бағрига босди- ю,кўзларини юмди.Вужуди қақшаб оғрир,гуллар кўпинча музлатгичда туриши сабабли у бир кунда бир неча бор хона каби катта музхонага тушиб чиқишга мажбур бўларди. Ёш аёл ҳаво салқинлиги туфайли  совуқ суягидан ўтиб кетганлигини энди  ҳис қилди.Вагон ичидаги илиқ ҳаво чарчаган вужудига хуш ёқиб,беихтиёр кўзларини юмди.

      Уйқу ва хушёрлик ўртасидаги ёқимли бир ҳолатни ҳис қиларкан,Маҳлиёнинг киприклари бир-бирини маҳкам қучди.Киприклари орасида пайдо бўлган нурли йўлакчада у ўзига яқинлашиб келаётган гўзал рус қизини илғади. Қиз чиройли русумдаги қизил пальто кийган,орқага йиғилган сочлари кулгичли оппоқ  юзига қандайдир нафосат бағишлаган,чаккасига тушган жингалак кокиллари қайрилма қошларини яширмоқчидай туюларди.

     Қиз Маҳлиёнинг ёнига гўё қушдай қўнди.”Салом”.Қизнинг лаблари қимирладими ёки Маҳлиёнинг қулоғига шивирладими, ёш аёлнинг ўзи ҳам англамади.Шуниси ғалатики,қиз гўё Маҳлиёга кўп йиллик таниш  дугонасидай туюларди.

 -Кимсан?- сўради Маҳлиё.

- Кимлигим муҳимми?- Жилмайди қиз.-Менинг исмим Таня.Сени исминг...?Тўхта,айтмасанг ҳам биламан.Сени исминг Маҳлиё.Ва сен бу ерлик эмассан- а?

-Қаердан биласан? Ҳа,дарвоқе, бу ерлик эмаслигим кўриниб турибди ку,-жилмайди Маҳлиё.

-Мен ҳамма нарсани биламан.Сен  бу ерга ишлаш учун келгансан...Кейин бахтингни излаяпсан,шундайми?

-Нима сен фолбинмисан? -Ҳайратланиб сўради Маҳлиё.- Қаердан биласан?

-Айтдим -ку,мен кўп нарсани биламан.Агар келгуси ҳаётинг ҳақида  билишни истасанг, шуни айтишим керакки,мен билан учрашганингни қайтиб эсламаслигинг керак.- Сирли овозда шивирлади қиз.

   Маҳлиёнинг вужуди  жимирлаб кетди.Чунки у қиз сўзлаётган вақтда лаблари қимирламаётганини сезган эди.

-Қўрқма,-деди қиз.- Мен сени нималар кутаётганини айтаман,фақат  мени унутсанг...

 -Майли, сени унутаман, деди Маҳлиё.- Фақат айт- чи, нимага менга бу гапларни айтяпсан?

  -Сен ҳаётда жуда кўп қийналгансан.Биринчи боланг,икки йил кутиб зўрға эришган дилбандинг эрингнинг айби билан ўлик ҳолатда дунёга келган. Хўш,тўғри айтяпманми?

 - Ҳа...Биз эрим билан бошқа фарзанд кўрмадик... деди йиғлагиси келиб Маҳлиё.

 - Ва сен уни ташлаб кетдинг,деди Таня. -Бу охирги  қарор эди.Сен тўғри қилгансан. Чунки эринг гиёҳванд эди.Шу сабаб ҳам боланг жонсиз туғилганди. Аммо кўп сиқилма.Чунки яқин орада ўзингнинг ҳаққоний бахтингни учратасан...

-Хўп,сени бу гапларинг тўғрилигига қандай ишонай? Сен балки мени гипноз қилаётгандирсан? -Маҳлиё ўзини қизиқтирган савол тилига кўчганини сезмай қолди.

-Нима менга ишонмаяпсанми? Мен гипнозчи эмасман. Ҳозир метродан чиққач,сен ҳар кунгидай  38-автобусга ўтирасан.Автобусга чиқаётган пайтингда эҳтиёт бўл.Чунки иккита ўғри йигит йўловчиларни пойлаб туришибди.Улар кондуктор  пастга тушган пайтда унинг сумкасини олиб қочиб кетишади.Ўшанда менинг гапларим ростлигига ишонасан,-деди тинчлантирувчи оҳангда қиз. -Ҳозир бўлса,кўзингни оч.Уйғон.Чунки сен тушишинг керак бўлган бекат яқинлашяпди.

   -Тўхта,нимага кўзимни очишим керак? Ахир менинг кўзларим очиқ-ку,-деди Маҳлиё ҳаяжонланиб.

-Сенинг кўзларинг очиқ эмас...Сен туш кўрдинг...-деди Таня.

-Унда сен менинг тушимга кирдингми?Келажагим ҳақида айтмадинг- ку.

-Йўқ,мен сени тушингга кирганим йўқ.Мен сен билан шунчаки гаплашдим. Ҳаётинг буёғига яхшиланиб кетади.Фарзандли ҳам бўласан.Фақат озгина сабр қилсанг,ўзинг орзу қилган инсонни учратасан.

  -Наҳотки? Сен нимага бу ердасан? Одамларнинг келажагини айтиш учунми?

 -Мен ўн йилдан бери шу ерда яшайман.Кетолмайман. -деди маҳзун овозда Таня.

-Яшайсан? Метрода яшаб бўларканми?

-Мен бир бевафо йигитни деб бундан роса ўн йил олдин ўзимни мана шу поезд остига ташлаганман...

-Демак...Маҳлиёнинг юраги орқасига тортиб кетди.-Сен арвоҳмисан?

-Тшшш,жим- деди қиз бармоқларини лабига босиб.-Мендан қўрқма.Бошқа савол берма. Агар ҳозир уйғонмасанг,бекатингдан ўтиб кетасан.Мен эса кетишим керак.Вақтим тугади.

   Маҳлиё қўрғошиндай оғир қовоқларини зўрға очаркан,ёнига қаради.Қизиқ,унинг ёнида Таня йўқ, йўловчилар  мудраб ўтиришарди.

     Ёш аёл  ҳозиргина бўлиб ўтган воқеа ўнгими ёки тушлигини англолмай,метродан чиқиб автобекатга йўналди.Ижара уйининг ёнгинасига олиб бориб қўядиган 38- рақамли автобусга чиқиш учун билет олиб,тўпланиб турган йўловчилар олдига борди.Онги алланечук карахт,бутун вужудида енгил титроқ бордай эди.

     Автобусга орқа эшикдан чиқаркан,олд эшик олдида турган иккита бақувват йигитга кўзи тушди.Йигитлардан бири нимадир деб кондуктор аёлни пастга тушишини имо қилди.Маҳлиё “тушманг,”- деб айтишга чоғланди ю,аммо чўчиб гапиролмади.

      Кондуктор аёл пастга тушиши билан йигитлардан бири автобус баллонини кўрсатиб бир нарсалар деди.Аёл баллон ёнига яқинлашиши билан иккинчи йигит уни енгил итариб,қўлтиғига қистириб олган сумкасини тортиб олди-да,чопиб кетди.Иккинчиси ҳам унга эргашди.Кондуктор аёлнинг қичқириғи эшитилди.

    Маҳлиё бу воқеага бошқа йўловчилар сингари гувоҳ бўлиб тураркан,бирдан Танянинг “Сен ўшанда мени эслайсан,”-дегани ёдига тушиб эти сесканиб кетди.  Ўриндиққа чўкаркан,дунёда инсон ақли етмайдиган қандайдир сирли олам мавжудлигига имон келтирди...

                                                                   Моҳигул Назарова.