Шафақдаги шуълалар


Қўчқор НОРҚОБИЛ

Шафақдаги шуълалар
(Суҳбатлардан парчалар)
                   ***
  Бойнинг томчиси камбағалнинг ҳовузини тўлдиргани каби ёш ёзувчининг кўнглидаги ишончсизлик кўлмаги севгилисининг: “Сиз зўрсиз!”, деган биргина калимаси туфайли қатъият уммонига айланади. Ҳа, кўнгилдаги кўлмак уммонга! Севгининг кучига тан бермай иложинг йўқ. Бекорга буюк Эйнштейн: “... бу дунёда севгининг кучидан қудратли куч йўқ”,— деб қизига мактуб ёзмаган эди.
Масалан, тушкунликка тушиб, кўч-кўроним (нимам ҳам бор эди; эски пойабзал, униққан икки кўйлак ва бир-икки ғижим шим)ни турвамга жойлаб: “Мендан на шоир, на адиб чиқмайди, юлдузим ёнмай сўнди-ёв...”, деб шаҳар билан хайрлашиб, вокзалга юзланган пайтим, сабоқдош қиз Хосиятнинг:  “Сиз зўрсиз! Ҳали зўр адиб бўласиз...”, деган эътирофи менга қанот бўлганди. Мен ўшанда ерда судралиб юрувчи жониворсифат эмас, осмонни тешиб, фалакни титратиб парвоз қиладиган бургутга айлангандим. “Сиз зўрсиз!” Шу биргина калима мени асраб қолди, парвозга даъват этди. Елкаларимдан қанот ўсиб чиқди. Хосият ҳозир ҳам менинг қанотим, умр йўлдошимгина эмас, ҳаётимнинг қаноти бўлди.
  Эй, севиклилар, ўз севгилингизга айтинг:  “Сиз зўрсиз!”. 
  Бошқа ҳеч нарса керакмас.
                    ***
  Ҳар бир ҳикоянинг ўз ритми бўлади. У биринчи жумладан кириб, сўнгги қатордан чиқиб кетади. Ритмсиз ҳикоя ўлик ҳикоя, без ҳикоя, жонсиз ва қонсиз ҳикоя. Ритм фақат шеърда бўлади, деганлар янглишади.
  Ритмни қандай ҳис қиласиз, дейсизми? Дастлабки гапдаги оҳанг ва ровиш сўнгги нуқтагача тебраниб туриши керак.
  Содда қилиб айтсам, ҳикоянинг биринчи жумласиёқ ўқувчини ўзига тортиб, боғлаб қўймаса, бир нафасда ўқилмаса, билинки, адибнинг ёзганлари ҳикоя эмас, шунчаки кечинма ё кузатув бўлиб чиқади.
                     ***
  Ҳикоянинг ўқ томирини тополмай, унинг атрофини узоқ пайпаслаш оқибатида қисса ё роман пайдо бўлади.
  Хемингуэй ҳикоя накоутлар эвазига ғолиб бўлади, деганда, ҳикоя икир-чикирлар, тафсилотларни ижикилаб ўтиришга вақт сарфламайди, қисқа- лўнда қилиб, уради ва йиқитади, деган фикрни айтган.
                    ***
  Тун. Иккимиз гулхан атрофидамиз.
— Ёзувчи ҳам сизга ўхшайди, ота — дейман Ҳайдар чўпонга. — У ҳам тоғлар, қир-адирлар, кенгликларни яхши кўради.
— Гапларинг содда, чўпонникидай, — жилмаяди чол, — энди ёзувчиларга ўхшаб гапир, болам, — дейди муғомбирона.
— Хўш, манави қумғон. Сиз уни доим ёнингизда олиб юрасиз. Шу қумғонда чой қайнатасиз-а?
— Э-э-эй, бошқа нима қайнатаман, эмасам?
— Ёзувчининг ҳам қумғони бўлади, уни кўнглида олиб юради. Бироқ ёзувчи бу қумғонда сўз қайнатади.
  Ҳайдар чўпон менга таажжубланиб қарайди:
— Қумғонда-я?
— Ҳа. Қумғонда.
— Хўш, кейинчи?, — дейди ва яна ажабланиб қарайди.
— Кейинми... Кейин, ёзувчи истаса шу қумғонга бутун уммонни жойлаши ҳам мумкин.
  Ҳайдар ота чарсиллаб турган олов ҳамда қопқоғи бақанинг оғзидай бўлиб бир ёпилиб, бир очилиб, шақирлаб буғ отаётган қумғонга қараб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборади.
— Созладинг, болам? Ана энди ёзувчига ўхшаб гапирдинг. Гапинг ғирт ёлғон бўлса ҳам ёқимли ва беозор чиқди...
  Мен ҳам ўзимни тутолмадим. Елкаларим силкиниб, чолнинг қаҳ-қаҳасига жўр бўлдим.
                      ***
  Тиззаиштон кийиб, елкасига тўн илдириб, бошига панама қўндирган кимсани тасаввур қилинг;  Айрим адибларимизнинг асарларини шунга ўхшатаман. На миллийлик, на бошқа... нарса бор. Аросатда. Бироқ улар бу ҳолатни дунёвийлик деб тушунтиришга уринишади. Мен ёзолмадим, ўз халқимнинг башариятни ҳайратга соладиган фазилатларини юрагимдан ўтказиб, завқ-шавқ ёки оғриқ билан қоғозга туширолмадим, дейишолмайди.
  Биродар, майли, қайси оқимда ёзиш сенинг ишинг, модринг бўласанми, экзистенциализмда, натурализм ё сентиментализмда, хоҳласанг, акмеизм ё футуризмда қалам тебратасанми, барча адабий оқим ва... изм...ларга бош суқиб, кириб чиқасанми, бу сенинг ишинг. Бироқ ёзганларингда ўзбекнинг юраги уриб,  умуминсоний юк қалқиб турмаса, ҳаммаси бекор.
  Адабиётнинг жони миллийлик, соддалик ва равонлик эса унинг вужудидир.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот