Раъно ЗОКИРОВА: “Фильмни қайта суратга олишларига қаршиман”


 
 
Раъно ЗОКИРОВА: "Фильмни қайта суратга олишларига қаршиман”

     Оддий, самимий ва камтарин инсон. Бу сифатлар Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Раъно Зокировага хос. "Водиллик келин”, "Шайтанат”, "Ёдгор”, "Бир кам дунё”, "Фотима ва Зуҳра”, "Алпомиш”, "Осмондаги болалар” каби 20 дан ортиқ фильмларда бир-бирини такрорламайдиган ажойиб роллари билан халқ меҳрини қозонган. Кейинги пайтда суратга олинган сериаллардаги ажойиб ролларидан таъсирланган ҳолда   Раъно опани йўқлаб  хонадонига ташриф буюрдик.

      Мени кўпам мақтаманг 

–Раъно опа, истаймизми-йўқми, мухлис учун севимли санъаткорининг ижоди билан бирга унинг шахсий ҳаёти ҳам жуда қизиқ...
–Мени мухлисларимдан биронта яширадиган сирим йўқ. Улар каби мен ҳам оддий аёлман.  Икки ўғлим ва бир нафар қизим бор. Турмуш ўртоғим спортчи. Тўнғич ўғлим санъат соҳасини танлади.  Санкт-Петербургда  таҳсил олмоқда. Мана шу бахтли оиланинг оддий бекасиман.   
– Суҳбат бошидан "Агар иложи бўлса мени кўп мақтаб ёзманг, оддий ва самимий суҳбатлашайлик...” дедингиз. Бироқ сизнинг касбдошларингизнинг  кўпчилиги уларга  қанча кўп мақтов ёрлиқларини ёпиштириб ўтсак бениҳоя хурсанд бўлишади?
– Мен ўзимга буни эп кўрмайман. Кимгадир бу нарса ёқар... бу унинг тарбияси, дунёқарашига ҳам боғлиқ. Баъзида сухандонларимиз, ҳали ҳеч бир ютуққа эришмаганларни ҳам "Кино юлдузи” ёки "Эстрадамизнинг қироличаси” дея жимжимадор сўзлар билан эълон қилишади. Балки шу нарса уларга керакдир. Худди мана шу виқорли чақирувлардан ўша санъаткор  илҳомланар?.. Биласизми, анча йиллар олдин Тошкентда Бутунжаҳон кинофестивали бўлиб ўтганди. Ўшанда Болливуднинг ёрқин ва таниқли актёрларидан Шаши Капур меҳмон бўлиб келганди. Журналист кўплаб санъаткорларни қатор-қатор унвонлари билан эълон қилиб турган бир пайтда, у икки оғиз сўз билан "Мен Шаши Капур” дея ўзини таништирган. 
     Халқнинг ўзи баҳо беради. Спортчимисиз, машҳур актёр ёки актриса, хонанда, бастакор, раққоса... хуллас, қайси соҳанинг вакили бўлманг, унинг қиролимисиз ёки қироличаси буни фақат мухлисларнинг ўзи эътироф этади. Мен оддий ишчи оиласида туғилиб, вояга етганман.Санъатга кириб келганимда атрофимда қўллайдиган ҳеч кимим бўлмаган. Меҳнатим билан  озми-кўпми нимагадир эришдим ва ўз мухлисларимга эга бўлдим. Бунинг учун шукрона қиламан.
                         
       Сиз ҳаётда бошқача экансиз, деган танбеҳ эшитдим

– Санъат олами сизга берган унутилмас сабоқ?
– "Водиллик келин” фильмидан сўнг Раъно Зокирова бўлиб танилганимда Самарқандга учрашувга борганмиз. Ўшанда биринчи маротаба талаба ёшлар мени ўраб олиб дастхат ола бошлашди. Ўшанда устозимиз  Рустам ака Сагдуллаев жуда чиройли бир насиҳатни миямга мулойим қилиб сингдириб қўйганлар: "Эсингда тутгин, атрофингни қуршаб олганларга кайфиятинг қандайлигини билдирма. Чарчаганмисан, бетобмисан,  улар учун севимли қаҳрамон бўлиб қолишга ҳаракат қил.  Ҳеч қачон мухлис  дилини оғритма!”  Рустам аканинг шу сўзларини ҳар доим эслаб тураман. Аммо  ўн йилча аввал театрдан кечки пайт ниҳоятда чарчаб асабийлашиб чиқиб уйга тезроқ етиб олиш учун  "такси” тўхтатдим. Ҳайдовчи мени таниб нуқул савол беради денг. Бўлиб ўтган воқеаларни миямда таҳлил қилиб туриб унга  совуқ жавоб бергандирман, бу табиий ҳол. Охири манзилга етиб келгач, кира ҳақини узатганимда, "... йўқ, раҳмат, сиздан пул олмайман! Лекин шу пайтгача биз сизнинг иштирокингиздаги барча фильмларни томоша қилиб, оилавий мухлис эдик. Бироқ ҳаётда умуман бошқача экансиз...” деса бўладими. Унинг танбеҳи худди сиз заҳарга яқинроқ экансиз мазмунида туюлдики, юзимга шапалоқ туширилгандек бўлди. Бу менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Ҳанузгача мана шу ҳайдовчининг гаплари хотирамда, қалбимда қолди. Тўғри, ўшанда у мухлис бўлгани учун жуда бир самимий саволларни ёғдирганди. Лекин мен ҳам тирик жонман. Мазам бўлмай, кайфиятсизлигимдан ёқимсиз жавоб бергандирман-да. Энди қачон экранда кўрса, албатта, унинг хотирасида менинг заҳарлигим ёки қўрслигим муҳрланиб қолган. Мана шу ҳолат ҳам менга катта дарс, сабоқ бўлган. Шу боис имкон қадар мухлислар билан тўқнаш келганда ички туйғуларимни, кайфиятсиз ҳолатларни, асабузарликларни... бари-барини бир четга суриб, уларнинг дилини оғритмай, чиройли муомала қилишга ҳаракат қиламан.    
 
Ҳидоят САДРИДДИНОВ суҳбатлашди.