Техник носозликларга ким айбдор?


Таҳлил
 
Техник носозликларга ким айбдор?

     Яқинда "Киночилар уйи”да "Ойқиз эртаги” фильмининг премьераси яъни тақдимоти бўлиб ўтди. Картина тақдимотига қадар фильм ҳақида кўплаб илиқ фикрлар ва қизиқ фактларни газеталар орқали ўқиган эдим. Тан олиш керак, мазкур картина "Ўзбекфильм” тарихида қоладиган янгича фильм бўлди. Аммо бугун бу ҳақида мушоҳада юритмоқчи эмасмиз. 


Фильм ижодкорлари: 
Сценарий муаллифи: Муҳаммад Давлатиллоҳ, Акбар Бектурдиев. 
Режиссёр:  Акбар Бектурдиев.
Оператор:  Дилмурод Турдибоев.
Бош ролларда:  Йигитали Мамажонов, Юлдуз Ражабова, Хайрулла Саъдиев, Маъруф Отажонов, Феруза Собитова, Алихан, Дилбар Икромова ва бошқалар.

     Одатда "Киночилар уйи”да ҳар бир фильм премьераси икки залда кетма-кет бўлиб ўтади. Томоша бошланиши билан ҳамманинг нигоҳи бир нуқтага қадалди. Барча мириқиб, баъзида ҳаяжон билан воқеалар ривожини кузатиб боряпти. Шу маҳал экрандаги тасвир тўхтаб қолди. Овоз узаткич ва кучайтиргичлардан эса "қу-у-уқ, қи-и-иқ” деган овозлар жаранг сочди. Худди анча йил олдин сотиб олинган "диск”даги фильмни яна қайта томоша қилаётганда содир бўладиган ҳолат такрорланяпти гўё. Залда шовқин кўтарилди. 
     Ҳар ким, ҳар хил эътирозларни билдира бошлади. Лекин қисқа сониялардан сўнг яна тасвир ўнгланиб, фильм давом этди. Энг қизиқ жанг саҳналари келганда иккинчи бор яна ўша ҳолат такрорланди. Бу сафар ҳам муаммо дарров бартараф этилди. Ҳамма томошабинлар яна экрандаги кадрларга берилди. Ё тавба, учинчи бор ҳам бу ҳолат такрорланса денг. Қизиқ, нима учун айнан шу фильмда бундай ҳолат кузатилди?..
     Энди бундай ҳолат такрорланмаслигига умид қилиб яна фильмнинг давомига қизиқишди. Аммо, фильм тўртинчи бор тўхтаб қолганида томошабинлар чинакамига залда шовқин кўтаришди. Баъзи бировлар аччиқ иддаоларни айтишдан ҳам ўзларини тийиб туришмади. Кимдир ҳазилга буриб, "Комьпютерни "перезагрузка” қилиб юборинглар...” дея кинояли гапларни ҳаммага эшитиларли даражада айтди. Мазкур қотиб қолган кадрлар сал кам бир дақиқа вақт давомида томошабинларга кичик танаффус "эълон” қилди. Ниҳоят томоша авжига чиқиб, фильм воқеалари жонланди. 
     Ё қудратингдан, яна шу муаммо... нақ бешинчиси-я... Аммо бу охиргиси бўлди. Қайта техник носозликларга йўл қўйилмади. Бироқ "фильм тугади” ёзувидан сўнг турли мулоҳазалар билан томошабинлар зални тарк эта бошлашди. Кимдир техник носозликларга эътироз билдирса, яна кимдир фильмни тўлиқ кўра олмай, баъзи бир кадрларга тушунмай қолганидан оғринар, бошқалар эса сифат борасида салбий фикрларини ҳамроҳи билан ўртоқлашарди. Каминанинг эса ўтирган ўриндиғимдан секингина туришимга тўғри келди. Негаки, ўриндиқ омонатгина турганди-да. Картина бошланишидан аввал ҳам унинг суянчиғига қўлимни қўйганимда, бехосдан ёнма-ён ўтирган аёл томонга сирпаниб кетгандим.
     Гарчанд, бу ҳолатга мен эмас, ўриндиқнинг бўшашиб қолган суянчиғи "айбдор” бўлса-да, узр сўрадим. Тушунган аёл эканми, узрга ҳазилона жавоб қилди: "Хижолат бўлманг укам, бу ердаги ўриндиқларда қимир этмай ўтириш керак экан. Шунда камроқ узр сўрайсиз!” Ана холос... 
     Эслатиб ўтамиз, картина «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан «Ўзбекфильм» киностудиясида тарихий эртак (фентези) жанрида, "4K ва Dolby Surround 5.1.” форматида суратга олинган. Фильм бюджети 1,6 млрд. сўмни ташкил этганлиги ҳақида кўп бора таъкидланди. Наҳот, шунча саъй-ҳаракат билан яхши фильм тайёрлаган киноижодкорлар унинг премьерасига жиддий эътибор беришмаган бўлса? Тўғри, томоша вақтидаги техник носозликларга кинотеатр маъмурияти жавобгар. Бироқ одатда, томошабин кўпроқ картинани суратга олган жамоани айбдор қилади. 
     Ёш, истеъдодли кинорежиссёр Акбар Бектурдиев томонидан суратга олинган картина учун, роппа-роса 1000 кунлик меҳнат сарфланган. Бу вақт мобайнида 1000 дан ортиқ киши бир жамоа бўлиб тер тўкканлиги маълум бўлди. Эътибор қилинг, кичик рақамлар эмас-а?.. Шундай катта жамоанинг йиллаб машаққат билан қилган меҳнатини кичик хато (техник носозлик)лар томошабинлар томонидан берилган салбий баҳоларга сабабчи бўлди. Мухлис ҳар доим ҳақ. Унга вазиятни тўлиқ тушунтирнинг фойдаси йўқ? Улар худди шу сўзларни айтишади: шундай катта шов-шувларга сабаб бўлган МЕГА БЛОКБАСТЕРнинг премьерасида ҳам шундай қўпол равишда сусткашликка йўл қўйиладими? Ҳақли савол...        
     Дарҳақиқат "Киночилар уйи”да меҳнат қилаётган ходимлар томоша вақтида зиммаларидаги вазифани тўлақонли ва сидқидилдан адо этишса, мақсадда мувофиқ бўларди. Бу ҳолатга кимнидир айбдор қилишдан йироқмиз. Фақатгина бундай вазиятларга ким ва нима сабаб бўлган тақдирда ҳам озгина ЭЪТИБОРЛИ бўлган маъқул. Томошабин ҳурмати, жафокаш киноижодкорлар жамоасининг меҳнати қадрланса, нур устига аъло нур бўлар эди. 

Муҳаммад ҚОДИР.