Кумуш РАЗЗОҚОВА: “Синглим, хатоларимни қайтарма!”


 
 
Кумуш РАЗЗОҚОВА: "Синглим, хатоларимни қайтарма!”

     "Унутма мени” дея халқ кўнглидан жой олиб, ширали овози билан мунгли қўшиқларини мухлисларига тақдим этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқованинг ижоди ва шахсий ҳаёти билан қизиқдик. Қўшиқчи ушбу суҳбатимизда дил изтироблари ва айтилмаган дардлари билан сирлашди. 

– Жуда камтарин, оғир-вазмин хислатингизни ва дилбар қўшиқларингизни, овозингизни халқ соғинган. Мухлисларингизни янги қўшиқлар билан қачон  қувонтирасиз?
– Буни ижодий учрашувларга борганимда ўзим ҳам ҳис қилганман. Ҳозир баъзи бир сабабларга кўра ижодга жиддий киришмадим. Лекин бу билан қўшиқ айтмай қўйдим, демоқчи эмасман. Аслида қўшиқларим жуда кўп. Тўғри, уларнинг ёзилганига 10 йилдан ошган бўлиши мумкин, лекин халқ орасида у қадар оммалашмади. Бордию ҳозир улардан бирини қайта куйлаб чиқсам ҳамма янги деб ўйлаши турган гап. Шу вақтгача, "Қайтар дунё”, "Умидингни сўндирма” каби сериаллар учун қўшиқлар куйладим. Балки тез орада яна қатор фильмларга саундтрек ижро этиб, мухлисларимни хурсанд қиларман. 
– Ўша машҳур "Унутма мени” қўшиғининг маҳзун оҳанглари ҳанузгача тингловчилар қулоғи остида жаранглаб турган бўлса, ажаб эмас. Айни кундаги ёш авлод бу композиция кимгадир аталган, дея тахмин ҳам қилади. Негадир шу тарона бошқа қўшиқларингизга нисбатан ўзгачароқ чиққан-а?
– Бу қўшиқ 1983-1984 йилларда суратга олинган "Водиллик келин” бадиий фильми учун яратилган. Таронанинг рус тилидаги вариантини Наргиз Зокирова куйлаган. Демакки, қўшиқнинг айтиш йўли ва нотаси ҳам унинг овоз имкониятларига мослаштирилган. Ўзбек тилига Обид Ёдгоров таржима қилганидан сўнг уни куйлашга тушдим, лекин дастлаб қийналдим. Чунки ўзбек тилига ўгирилганда мисралар бироз узун, қўшиқ гармониясига туширишда қийинчиликларга дуч келганмиз. Шунда Обид акага қўнғироқ қилиб, мазмунини сақлаб қолган ҳолда, баъзи сўзларни олиб ташлашни сўраганман. "Бемалол, ўзингизга қулайлаштириб олинг”, деганларидан сўнг ихчамлаштириб овозни ёзишга ҳозирлик кўрдик. Энди студияда шу даражада қийналяпманки, охири йиғлаб юбордим. Овоз режиссёри эса "Йиғладингми?.. Демак, мана энди зўр чиқади!” дея руҳий далда берганлар. Ўзимга ҳам ёқади бу қўшиқ. Аммо ҳозир эшитсам, "Во-о-ай, шунақаям қўшиқ айтманми?! Намунча чийиллаб куйлаганман-а?” дея ўз-ўзимни койиб ҳам қўяман. Чунки мен Наргизнинг овоз тонида айтганман-да. Шунинг учун бўлса керак, жуда баланд чиққан. Кейинчалик, тадбирларга борганимда шу қўшиқни сўрашса, сал пастроқ пардада куйлаб, ўз овозимга мослаштирганман.  
– Сиз бир пайтлар бугунги кунда дунё эстрадасида номи чиққан ва айни пайтда ўзбек матбуотида муҳокамаси давом этаётган машҳур Наргиз Зокирова билан деярли бир вақтда ижодни бошлагансиз. Унинг бугунги фаолияти билан танишмисиз? У ҳақида болалаб кетган шоу-шувлар ҳақида қандай фикрдасиз? 
– У ижодга кириб келган кезларда мен санъатнинг нонини еб юрган хонанда эдим. "Садо” ансамблида уч нафар қиз бирга ижод қилардик. Наргиз билан эса ўша "Водиллик келин” фильмида учрашиб қолганмиз. Тўғри, Наргиз олдин Тошкентда фаолиятини бошлаган. Лекин волидасининг саломатлиги ёмонлашганидан сўнг Америкага кўчиб кетишди. Келиб чиқиши, туғилган юрти Ўзбекистон бўлгани билан у узоқ вақт чет элда яшади. Ҳаёт тақозоси билан Америкадаги қаҳвахона ва ресторанларда тирикчилик учун қўшиқ айтиб юрганлигидан ҳам хабарим бор. Албатта, ўзга юртда бўлганидан кейин ўша ерга мослашишига тўғри келади. Энди у ҳақидаги гап-сўзларига келадиган бўлсак, одамларнинг ўзи ҳар хил фикрда-ку. Ҳозирги замон эстрадасининг аҳволи ва ўзгаришларини барчамиз бирдек кўриб, англаб турибмиз. Балки, сочсиз яланғоч боши, танасидаги турли хил татуировкалар билан санъатда портлаш қилгани баъзиларга маъқул келмас. Бу менталитетимизга хос бўлмаган ҳолатдир. Лекин ўша ердаги мухлисларига манзур келяпти-ку?.. Юртимизда ҳам унинг мухлислари озмунча эмас.   
     Балки шундай имиж ва услубда чиққани учун ўзини яхши ҳис қилар. Назаримда бу ўзига ҳам ярашади, билмадим мен учун жуда қўпол кўринмайди. Чунки Наргиз энди 16-17 ёшли қизча эмас-ку. Ҳар ҳолда она, буви бўлган аёл. Хатти-ҳаракатларида ўзининг диди борлиги яққол кўриниб туради. Энди рок йўналишидаги хонандаларнинг характери ва кийиниш услуби шундай-да. Лекин у ҳақида ким қандай фикрлашидан қатъий назар Наргиз овози, дарди бор хонанда деб биламан. Мен уни шахсий мулоҳазаларим билан яхши ёки ёмонга чиқаролмайман. 
     Аммо менга бир томони ёқмади. У Россия шоусида портлаш қилиб чиққанидан сўнг қисқа вақт ичида машҳур бўлди. Кейин юртдошларимиз билан интернет орқали кўнгилсиз суҳбатларни қилишга ҳам улгурибди. Ўша пайтда уни қоралаб, ёмонлаган ва имижини "ахлоқсизлик” дея таъкидлаганлар билан гап тортишиши шарт эмас эди. Ўзбекистон номини ёки халқни қўшишнинг умуман зарурати ҳам йўқ эди. Жимгина ўшаларга дангал гапириб, мавзуга нуқта қўймайдими, деди-дедиларни кўпайтирмасдан. Очиғини айтаман, мен учун у барибир иқтидорли қўшиқчи.            

Ҳидоят САДРИДДИНОВ суҳбатлашди.