Ўзига хос лирика мактабини яратган катта санъаткор эди


 Фахриддин УМАРОВ
Ўзига хос лирика мактабини яратган катта санъаткор эди

  Беназир ҳофиз, бастакор, устоз-мураббий Фахриддин Умаров (1926-2007) номи ўзбек миллий мусиқа санъати тарихида муносиб ўрин топган буюк санъаткорлардан бири, десак, ҳеч муболаға бўлмаса керак. У яратган лирик қўшиқлар, тенги йўқ ижро маҳорати ва бетакрорлиги, басталанган қўшиқлар жозибалиги, у яратган «лирика ижрочилик мактаби» ютуқлари ҳозирги кунда замонавий мусиқа таълимоти ривожидаги босқичларини белгилашда алоҳида аҳамият касб этиши шубҳасиздир. 
 Фахриддин Умаровнинг мусиқа санъатидаги  60 йилдан ортиқроқ меҳнат фаолияти серқирра, мазмундор ва ижодий жиҳатдан эса ниҳоятда самарали ўтган десак муболаға бўлмайди. У ўзининг оҳангдор, дилтортар куй-қўшиқлари билан суюкли Ватанимизни, меҳрибон ота-оналарни, севикли ёрни, дўстлигимизни, умуман «ҳазрати Инсон»ни мадҳ этиб, куйлаган қўшиқлари мухлислар қалбидан чуқур жой олган.У ишқ-муҳаббат ва садоқат ҳақида, вафою ҳаё ҳақида, орзу ва умид ҳақида, меҳр ва жасорат, ёшлик ва гўзалликни тараннум этувчи юзлаб қўшиқларни яратиб, уларни ажойиб тарзда ижро этиб, ўзига хос миллий лирика мактабини яратган буюк санъаткордир.

Маслаҳатлари мени ҳайратга солган

Рустам УБАЙДУЛЛАЕВ:

- Ўрта мактабни 1967 йили тамомлаганман. Худди шу йилдан бошлаб, отамнинг  таклифлари  ва Фахриддин Умаровнинг самимий розиликлари билан устозим ёнида доира чалишни ҳам бошлаганман. Устоз ёнида қирқ йилдан ортиқроқ юрган бўлсам, мени билмаганлар, танимаганлар «Доирада Фахриддин аканинг ўғиллари жўровоз бўлаяпти» деб ўйлашарди. Фахриддин ака вафот этишларидан бир кун аввал касалхонага кўргани боргандим. Реанимацияда оғир ётибдилар.  Шундай бўлса-да, улар соғлиғимни сўраб, ўзимни эҳтиёт қилишимни маслаҳат берганликлари мени ҳайратга солган эди. Устозим отамдек меҳрибон бўлган эдилар. Ҳозирги кунда Фахриддин аканинг йўлини давом эттираётган ва қўшиқларини элимизга етказишда жуда катта меҳнат қилаётгани учун Ҳожиакбар Ҳамидовга раҳмат дейман. Устозимиз вафот этгандан кейин менга шу бўшлиқни тўлдиришда у  қўлидан келганча  ёрдам бериб келмоқда. 
  Устоз Фахриддин Умаров билан унча-мунча кишилар ҳазил қилишга ботина олмасди. Устознинг ўзлари ҳам баъзан ҳазиллашиб турардилар. Лекин ким билан ва қандай ҳазиллашишни билардилар. Қуйида танбур сози ва кўк дўппи ҳақидаги ҳазилимизни сўзлаб бераман.
  Кунларнинг бирида навбатдаги тадбирларнинг бирига олиб кетиш мақсадида устознинг уйларига ташриф буюрдим.Уйнинг ташқаридаги эшиги қиягина очиқ экан .Мен ҳайрон бўлиб, эшик қўнғироғи тугмасини босган эдим, ичкаридан ҳофизнинг:
- Ким ? –деган овозлари эшитилди.
-Мен, Рустамман,устоз, –дедим.
- Эшик очиқ, киравер, -  дедилар. Уй йўлагининг тўғрисидаги хона эшиги очиқ - уста диванда бемалол ўирибдилар: қўлларида танбур, бошларида эса кўк дўппи. Бундай ҳолатда устозни бирор марта ҳам кўрмагандим. Салом-аликдан сўнг: «Қалай, Рустам, менга танбур билан кўк дўппи ярашибдими?” -деб сўрадилар. Аввалига нима деб жавоб беришни билмай турдим.Сўнг устоз билан бир ҳазиллашиш орқали ўз фикримни билдирмоқчи бўлдим:
-Тўғрисини айтаверайми ёки. ..
-Тўғрисини айтавер, сени биринчи кун билишим эмас-ку. Ўткир ҳазилларингга ўрганиб кетганмиз, – дедилар-да, сўнгра: - Сендан хафа бўлганнинг ўзи аҳмоқ,  - дея қўшиб қўйдилар
-  Биринчидан, –дея хотиржам гап бошладим,- бошингиздаги кўк дўппига бир қаранг - ёшингизни йигирма йилга қаритиб юборибди. Ахир сизни мухлисларингиз ёқтириб, севиб қолган ўша Марғилон дўппингиз жуда ярашиб туради-ку, ўша дўппига бевафолик қилманг, устоз! 
  Иккинчидан, халқимиз қўлингиздаги чиройли садафлар билан безатилган тор созини чалиб, қўшиқ айтганингиз учун меҳр қўйган. Бу қўлингиздаги танбур сизни яна йигирма йилга қаритиб юбораяпти. Одамлар меҳрига хиёнат қилманг.
Ва ниҳоят учинчиси, танбур билан қўшиқ айтсангиз доиранинг кераги бўлмаслиги аниқ, мен- ку майли, бир амалларман, лекин мухлисларингиз доирага хиёнат қилаётганингизни тушунишармикан?. Ахир элда Фахриддин Умаров бўлиб танилишингиз шу доира туфайли-ку !
 - Э, бўлди, узр, Рустам! Мени бирпасда бутунлай хиёнаткор, бевафога  чиқариб қўйдинг-а, сен билан ҳазиллашиб ҳам бўлмайди-я. «Устоз танбур чалсалар, мен четда қолиб кетаман энди», деб ўйлаб шу йўлни топганингга қойилман. Сен балосан, Рустам, балосан! Бу ёғини мен ўйламабман, – дея, хохолаб кулиб юбордилар. Шундан кейин устозни бундай ҳолатда бирор марта ҳам кўрганим йўқ.

Камтарликнинг ўзи буюклик

Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ:

- Бир куни рангли телевидение қисман ишга тушган 3-студияга кирсам , Фахриддин аканинг қўшиқларини ёзишаётган экан.Эфирга берилиши керак бўлган 2-3 та қўшиқ ёзиб бўлингач, кимдир ҳофизга бир пиёла қайноққина чой қуйиб берди. Фахриддин ака чойни ҳўплаб туриб: «Энди, агар ижозат берсангизлар,жой топиб ўтиринглар.Сизлар учун қўшиқ айтиб бераман»,  -дедилар.                   
  Тасвирчилар, ёрдамчилар, ҳаттоки бу хабарни эшитган бошқа студиядагилар ҳам, хуллас, бу ерда ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси бир даврага йиғилди.Фахриддин ака ярим соатдан кўпроқ вақт кетма-кет бирини иккинчисига улаб қўшиқ куйладилар. Кейин эса: «Ҳам қилган хизматларинг учун, ҳам тинглаб эшитганларинг учун катта раҳмат», - деб ўринларидан турдилар-да, бир қўлларига ғилофли торларини кўтарганча, ҳаммамиз билан қўл беришиб, самимий равишда хайрлашиб, студиядан чиқиб кетдилар.Чиқиб кетдилар-ку, лекин студияда қолганларнинг қалбларидан чуқур жой олиб кетдилар. Кейинчалик студияда бўлганларнинг барчаси узоқ вақт ўз хиссиётларимиз билан ўртоқлашиб юрдик. Мен шу вақтгача Фахриддин акани концерт залларида кўргандим, холос. Лекин яқиндан , яна ҳам аниқроғи ёнма–ён бўлмагандим. Менинг ақлим бовар қилмайди. Шундоқ буюк санъаткор оддий одамлар билан қўл олишиб, хайрлашиб, раҳматлар айтиб,табассум билан студиядан чиқиб кетса-я? Ҳамма сени таниса,минглаб одамлар кетингдан эргашиб юрса, ўзинг кимсан, «фалончи» бўлсанг-у, шунақа хокисор бўлсанг. Тўғриси, эришроқ туюлар экан. Лекин аслида камтарликнинг ўзи буюклик эканлигига ўшанда ишонгандим.Бу Устоз Фахриддин Умаровнинг менга берган бевосита илк сабоғи бўлган.
  Оддий, камтар, ширинсўз , хушмуомала ҳофиз Фахриддин Умаров билан бўлган ўша кунги учрашув бир умрга ёдимда қолган.
    Кейинчалик тўй-ҳашамларда, саҳналарда кўп кўришардик. Ҳатто устознинг 70 ёшлик юбилей тантаналарини "Туркистон" саройида олиб бориш бахтига муяссар бўлганман. Яна бу воқеа ҳам ёдимда: 2000 йилнинг охири, ноябрь ойида санъат саройидаги концертда Фахриддин ака  иштирок этганлар. Устоз концерт дастуридаги 2 та қўшиқ ўрнига 5 та қўшиқ айтдилар. Балким ортиғини куйламасдилар ҳам. Лекин халқ қўймади. Қарсаклар тинмади, олқишлар тўхтамади. Аввалига режиссёрлар қийналгандек бўлди, «Бироз кўпайтириб юбордилар-да» деб. Лекин концерт тугаганидагина уч ярим соатлик томошадан фақатгина Фахриддин Умаровнинг ўша  5 та қўшиғи томошабинлар ёдида узоқ вақтга муҳрланиб қолишига ташкилотчиларнинг ўзлари ҳам имон келтиришди. 

Кўп ширин дамлар экан...
     
Матлубахон ая  УМАРОВА (ҳофизнинг умр йўлдоши): 

- Устоз ҳофиз Фахриддин Умаров (Аллоҳ раҳмат этган бўлсин) нинг охирги ўн икки йиллик ҳаётларида мен ёнларида бирга бўлиб, яшадим.Мен устозга доим «Ҳофиз» деб мурожаат қилардим. Бундай деб чақиришимда  чуқур маъно бор эди. Ҳофиз жуда серқирра ижодкор бўлганлар, гўзал ғазаллар ҳам битардилар. Кўп китоб ўқиганликлари сабаблими, ёки табиатан шундай эдиларми, билмадим, жуда ажойиб суҳбатдош ҳам эдилар.Шу ўринда бир тўртлик ёдимга тушди:

Кўп ширин дамлар экан, 
     Билсам , у кун ёр суҳбатинг,
Ҳар қачон кўнглимни ул,
 Айлайди хумор суҳбатинг.
 Ушбу тўртликни бежиз келтирмадим.Ҳофизнинг суҳбатларини шундай қўмсайманки, буни тасвилаб беришга сўзларим ожизлик қилаётгандек, назаримда.
  Ҳофиз билан яшаб, кўп нарсаларни ўргандим, фикрлаш доирам кенгайди, ҳаётга бошқача назар билан қарайдиган бўлдим, баъзи нарсаларга нисбатан сабрли бўлишга ва шукур қилиб яшашга одатландим.
   Ҳофиз ниҳоятда камтар, ҳаммага баробар, бирдек муомала қилардилар, жуда одамохун эдилар. Фарзандларигами, келинларигами, ҳатто набираларига ҳам бир оз қаттиқ гапириб қўйсалар, ўзларини қўйгани жой тополмас эдилар. Пушаймон бўлиб, «Шуларнинг дилини оғритиб қўймадиммикан ? « , деб афсусланиб, кейин чақириб улардан кечирим ҳам сўрардилар. Уларнинг ажойиб қирраларидан яна бири – «қўли ширин» ошпаз эдилар.Етмиш ёшдан ошган бўлсалар-да, эринмасдан фарзанду невараларига ош дамлаб, меҳрибончилик қилардилар.Буваси тайёрлаган ошни дастурхон атрофида неваралар  маза қилиб еб бўлгач, уларни дуо қилардилар. Кундалик оилавий турмуш жараёнларида ҳам кўп нарса қўлларидан келар эди. Уйда дазмол ёки бирор электр асбоби бузулиб қоладиган бўлса, ўзлари тузатишга ҳаракат қилардилар.
  Устоз мендан аввалги завжалари Равзахонимнинг яхши хислатларини доим эслаб, қўл очиб қилган дуоларида ёдга олардилар.Бирор марта ҳам  улар ҳақида норози бўлиб, гапирмаганлар.Бу хислатлар ҳам ҳофизнинг олижанобликларидан далолат деб биламан. 
  Туғилган кунлари уйимизга меҳмонлар сиғмай кетарди. Ташриф буюрадиган меҳмонлар орасида Ўзбекистон халқ артислари Камолиддин Раҳимов, Хайрулла Лутфуллаев, Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Эркин Рўзиматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуджон Азимов, ўз ўғилларидек бўлиб қолган шогирдлари Ҳожиакбар Ҳамидов, Рустам Убайдуллаев, Ҳожимурод Умаров, Сўфихоновлар ва Шожалиловларнинг фарзандлари ҳам тез-тез йўқлаб туришарди. Ушбу санъаткорлар билан Ҳофиз орасидаги ҳурмат ниҳоятда баланд бўлган.
    Ҳозирги кўпгина хонандалар жонли ижро этишни бир жасорат , қаҳрамонлик деб қарашлари мени ҳайратга солади. Ҳофиз 80 ёшларида ҳам  фонограммадан фойдаланмай, катта санъат саройларида 20-25 та қўшиқни жонли ижро этганлар.
  Истардимки, Ҳофиз яратган лирика мактабининг  умри боқий бўлсин. Невара шогирдлар уларнинг қўшиқларини асрлар оша авлоддан-авлодга ўргатиб, қўшиқлар умрини давом эттиришларини истаб қоламан. 

Ҳамиджон ТОҲИРЖОНОВ тайёрлади.
Манба: "Сабо" газетаси. 2016 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот