Илк дастхат ҳангомалари


 
«Ҳамиша севиб-севилиб яшанг!»

Равшан КОМИЛОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

– Илк дастхатни 1992 йилларда берганман, унча аниқ эслай олмайман (ўйланиб). Чунки орадан 24 йилдан ошиқ вақт ўтиб кетган-да. Лекин дадил айта оламанки, ўша пайтларда 26-27 ёшли келишган йигит бўлсак, албатта, илк мухлисимиз шу талаба ёшлар, яъни қизлар бўлган-да (жилмаяди).. Илк маротаба дастхат берганимда, албатта, ҳаяжон бўлган. Лекин ўтириб олиб, узундан-узун тилак ёзмаганман, чунки у қадар ёзишга қизиқишим йўқ. Мана, ҳозирги кунда эса дастхат бериш одатий ҳолга айланиб қолган.
     Тилакка келсак, агар ёши катталар бўлса «Оилавий бахт-саодат тилайман!», йигит-қизлар бўлса, «Ота-онангизнинг иззатли фарзанди бўлиб қолинг!» дея ният билдириб, дастхатимни тушириб беравераман. Агар икки ёш, турмуш қурган оилалар бўлса, «Ҳамиша севиб-севилиб яшанг!» деб дастхат бераман. Чунки бунинг маъноси кенг. Севги бу – ота-онасига, ёрига, Ватанига, фарзандига... хуллас, унинг гап ичида ниҳоятда кўп туйғулар жамулжам. Ҳозирги пайтда эса дастхат ўрнига ҳамма расмга тушишга ўтган. Айни дамда халқимиз кўпроқ суннат тўйларига чақиришгани учун дастхат қўяётганда, «Никоҳ тўйингизга Фаррух Комилов келиб хизмат қилсин!» деб ҳам истак билдираман (кулади).

«Уйингиз буғдойга тўлсин!»
Шоҳида УЗОҚОВА, актриса:

– Биринчи марта дастхат берганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Театрда ишлаб юрган пайтимизда ижодий гуруҳимиз билан бирга «Келинлар қўзғолони» спектаклини намойиш этиш учун Наманганнинг Поп туманига борганмиз. Ўша пайтда мен еттинчи келин – Нигорани ўйнашим керак эди. Аксига олиб, саҳнага спорт формасида чиқишим керак. Мен «киймайман», деб оёқ тираб ўжарлик қилганман. Чунки қўрққандим, мени тошбўрон қилишади-ку, деб. Негаки, залда йиғилганларнинг деярли барчаси ёши улуғ, катта ёшдаги онахон ва отахонлар эди-да. Хуллас, узоқ баҳслашувдан сўнг кийиб чиқишимга тўғри келган, бир пайт ҳаяжонланганимдан, титраб гапирганман-у, ўйинга тушиб кетаверганман. Қарабсизки, саҳнада барча томошабинлар қарсак чалишяпти. Шундай қилиб спектаклни муваффақиятли якунлаганмиз. Кейин томошабинлар секин келиб, севимли санъаткорларидан дастхат ола бошлашди. Менинг олдимга ҳам 45 ёшли аёл келиб, дастхат сўраб, ручка ва дафтар узатганида, қўрқиб кетганман. Чунки ҳеч кимга дастхат бермагандим, бу биринчиси эди-да. Шунда мени четда кузатиб турган устозим – Зайнаб опа келиб секин тушунтирганлар, «Бориб, яхши тилак билдириб, пастига исм ва фамилиянгни ёзиб, қўл қўй!» деганлар. Мен ҳам бориб, шу пайтда яхши тилак билдириш учун узоқ ўйлаб ўтирмаганман, хаёлимга келган бувимнинг битта тилаклари бўлар эди (ҳамиша шу дуони айтиб юрар эди-да), шуни катта қилиб: «Уйингиз буғдойга тўлсин!» дея ёзиб берганман (кулади).
     Кейинчалик бу воқеани ҳамкасбларимга айтиб берганимда, ҳаммаси мазза қилиб қолишган. Ўзим ҳам кейинчалик ўйлаганман, «У аёл ҳам уйига бориб, ҳадеб буғдой сотиб олиб, уйини тўлдирган бўлса керак», деб. Лекин барибир ўшанда ёмон тилак бўлмаган, бу ахир яхши тилак-ку, яъни бувим таъкидлаганларидек, «уйингизга ризқ-барака ҳамиша тўла бўлсин», дегани-да. Бироқ ўша пайтда менга қандай дастхат бериш кераклигини ўргатган устозим Зайнаб опадан жуда-жуда миннатдорман. У киши ҳамиша, ҳар қандай вазиятда эринмасдан, ўз маслаҳатларини бериб, билмаганларимизни ўргатиб келганлар.

«Шу ручка билан дафтар сизга подарка»
Улуғбек РАҲМАТУЛЛАЕВ, хонанда:

– Илк бор дастхат сўраган инсон (исми аниқ эсимда йўқ, қиз бола эди) ҳалигача мени эслаб, берган дастхатимни ўқиб, кулиб юрган бўлса керак. Чунки ўшанда нима деб ёзишни билмаганман. Бирдан келиб дастхат сўрашганида, ҳаяжондан ва қувончдан тутқазган дафтар ва ручкани олиб, узоқ ўйланиб ижод қила бошлаганман, биргина дастхат бериш учун. Шунақанги узундан-узун тилаклар ва гапларни ёзганманки, ўша лаҳзада дилимдан нима кечган бўлса, шуларнинг барчасини оппоқ қоғозга тўкканман. Агар бошқа қиз бўлганида, сиқилиб кетганидан, «Шу дафтар билан ручка сизга «подарка», ўтириб, бемалол ёзаётган асарингизни тугатиб олинг!» деб кетиб қолиши аниқ эди (кулади). Лекин у кутди ва дастхатни олиб, ташаккур айтиб, ижодий парвозлар тилади. Ўшанда завқланиб кетгандим. Кейинчалик эса эслаб, биргина дастхат учун 15-20 дақиқа қизнинг вақтини олганим учун ўзим ҳам кулиб юрдим. Ҳа, дастхат эмас, достон ёзиб берганман. Энди эса оддийгина қилиб, бир зумда, «Омад тилаб, Улуғбек Раҳматуллаев», дея имзо чекиб беравераман (жилмаяди). 
    
 
Ҳидоят САДРИДДИНОВ тайёрлади.