Муқаддас Саъдуллаева: “Отамнинг хоҳиши билан психолог бўлганман”


 
"Отамнинг хоҳиши билан психолог бўлганман”

     Қиёфа - инсоннинг қандай инсон эканлигини белгилаб берувчи асосий восита эмас. "Биринчи таассурот алдамчи бўлади”, деб донишмандлар бежизга айтишмаган. Акс ҳолда, биргина нигоҳнинг ўзи олий мавжудод ҳисобланган инсонлар ҳақида хулоса ясаш учун етарли бўлар эди. 
Бу галги меҳмонимиз - актриса Муқаддас Саъдуллаева ҳам ана шундай ўзгача феъл-атвор соҳибаларидан десак адашмаган бўламиз. Унинг яратган қаҳрамонлари ҳаётий қарашларига бутунлай тескари ва айни пайтда инкор этувчи характерга эга эканлигини билиб олиш бу дастурни тинглаган тингловчилар учун қийинчилик туғдирмайди. Қуйида М.Саъдуллаева радио тўлқинлари орқали бўлиб ўтган суҳбатидан унинг ўзига хос сирларидан воқиф бўласиз.

Муқаддас САЪДУЛЛАЕВА:

Ота-онамнинг афсонавий муҳаббат тарихи бор

-Кўпчилик ота-онамнинг бир-бирига бўлган муносабатига ҳавас билан қарайди. Уларнинг ажойиб севги тарихи бор. Биз фарзандлар ҳам ана шу меҳр-муҳаббат таъсирида улғайганмиз. Шундан бўлса керак, барча оилалар ана шундай деган фикр юрагимга ўрнашиб қолган. Лекин ўзим турмуш қуриб, ҳаётнинг паст-у, баландини озми-кўпми кўргач, шуни тушуниб етдимки, ҳақиқатан беш бармоқ бир хил эмас экан. 
Ота-онам санъаткор бўлгани учун сафарларда кўп бўлишган. Мендан катта опам ва акамнинг айтишига қараганда, улар ҳамиша ота-она меҳрига тўяверишмаган. Шукрки, мен бундан мустасноман. Чунки онам мени дунёга келтирганларида қирқ ёш, отам эса, эллик ёшда бўлишган. Бу ҳам қайсидир маънода эркатой бўлишимга замин яратган. 
Турмуш ўртоғим отамга ўхшашини хоҳлаганман
-Ёшлигимдан келгусидаги ҳаётим ота-онамникига, турмуш ўртоғим отамга ўхшашини ният қилардим. Аммо менга уларники каби муҳаббат насиб этмади. Балки вақт ўтиши билан бунга ҳам сазавор бўларман. Лекин мен эришган катта бахт бу - менинг фарзандим. Унинг кулгусини эшитганда, қилиқларини кўрганда ўзимни энг бахтли аёл деб ҳисоблайман. Яна қайтариб айтаманки, менинг энг катта бахтим бу – ота-онам ва қизалоғимдир. 
Отам санъаткор бўлишимни хоҳламаган
-Санъаткорлар авлодидан бўлганим учун бу соҳага қизиқишим катта бўлган. Бошида оила аъзоларим ҳам бу интилишимни қўллаб-қувватлашган. Ҳатто ота-онам кичик-кичик эпизодларда қатнаштириб ҳам туришган. Лекин кейинчалик, улғая бошлагач, санъаткор бўлишимга қаршилик қила бошлашган. Унинг юки оғир бўлишини бот-бот такрорлашарди. Шу сабабли, отамнинг хоҳишига кўра психология йўналишида таҳсил олдим. Бу орқали кўп нарсаларга эришишни ният қилгандим. Аммо ўзимни ўзгартириш ҳам қўлимдан келмади. "Мен бахтлиман, мен бахтлиман”, деб бот-бот такрорлайверган билан бахтли бўлиб қолавермас экансан. Бунинг учун ҳам вақт керакдир эҳтимол.
Шаҳзода Муҳаммедова билан дўстмиз
-Шаҳзода энг яқин дўстларимдан бири. Насиб этса, шу йили иккимиз санъат институтига ўқишга киришни ният қилганмиз. Кўпчилик феъл-атворларингиз бошқа-бошқа-ку, бу муносабатларингизга таъсир этмайдими деб сўрайди. Йўқ, аксинча, тил топишишимиз учун бу тўсиқ бўла олмайди. Психологияда ҳам худди шундай: бир-бирига тескари феъл-атвор соҳиблари бошқаларга қараганда тез тил топишади. Биз бир-биримизни тўлдириб турамиз. У мени анча ўзгартирди.
Ижоддан чекланганим йўқ
-Айни пайтда ижоддан чекинганим йўқ. Ҳозирги кунда "Қизларнинг жаҳли чиқди” фильмида ва "Виждон азоби” сериалларида суратга тушяпман. Бундан ташқари "Менинг юртим”  телеканали билан ҳамкорликда яратилган "Шарофатхоннинг келинлари ёхуд Наврўз байрами” деб номланган мусиқали дастурни суратга олиш ишлари якунланди. 

Унга шундай таъриф беришади:
* Ҳар доим кеч қолади;
* Ишларни секин бажаради;
* Жудаям содда;
* Қўрқоқ;
* Ишонувчан.

     Қизиғи шундаки, актрисанинг ўзи ҳам суҳбат давомида бу камчиликларини тан олди. 
 
Махсума ОҚҚЎЗИЕВА ёзиб олди.