ИККИ ХИЛ КАШФИЁТ


Қўчқор НОРҚОБИЛ

Кичик ҳикоялар
ИККИ ХИЛ КАШФИЁТ

    Улар самолётда ёнма-ён учишарди.  Дунёнинг энг нуфузли анжуманига боришаяпти. Бири машҳур адиб, бири комьпютернинг яна бир мукаммал русумини яратган олим.
— Ижодимдан, энг аввало, фарзандим  баҳраманд бўлишини хоҳлайман. Шунинг учун  хонамни доимо очиқ қолдираман. Ўқишга иштиёқ уйғонсин,-- деди адиб..
      Олим  унга синчковона термулди.  
    Ва, туйқус ўн яшар ўғлини эслаб,  сесканиб кетди;  ўз кашфиёти --- компьютерлар тизилган хона эшигини беркитиш унинг ҳам ёдидан чиққан эди...

ҚАЙҒУЛИ ЖАВОБ

— Ҳикоянгизни ўқидим, муҳтарам адиб. Чиндан ҳам ҳамма болалар фариштами?
— Ҳа. Хайриятки, улар ҳозирча одам эмас, шунчаки бола,  жаноб генерал.
— Бу нима деганингиз, ҳурматли адиб?
— Улар одамга айлангач, ораларидан танклар, самолётлар, бомбалар ўта бошлайди.
                         
 МОҲИЯТ

— Вася, майли, қуриб кетсин, амаким айтган ўша ўқ заводига ишга кирсанг бўларкан.
— Настя,  эсинг жойидами? Ахир, бизнинг фарзандларимиз бор-ку! Учови ҳам ўғил!
— Нима қипти?!
—   Ахир,  ўша ўқлар барибир бир куни отилади-ку... 
                       
ТАРБИЯ 

—  Тош отсалар, қўрқма! 
—   Хўп! 
—  Ўқдан ҳам қўрқма! 
—  Хўп! 
—  Туҳматдан ҳам қўрқма! 
—  Ҳўп!. Шунда мен ботир бўламанми, отажон? 
—  Йўқ. 
—  Нега? 
—  Фақат қарғишдан қўрқ. Ўшанда ботир бўласан!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот