ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ ЁДГОР САЪДИЕВГА ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ


 

 Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг рафиқаси Зайлихон Саъдиева 17 декабрь куни вафот этганлиги туфайли, таҳририятимиз ходимлари Саъдиевлар хонадонига чуқур таъзия изҳор қилади.  
 

ЁДГОР САЪДИЕВНИНГ РАФИҚАСИ ОЛАМДАН ЎТДИ...

 

14 ёшида шу йигитга мафтун бўлган-у, бир умр унга бўлган тeйғусини сақлаб қола олган аёл энди орамизда йўқ.

 

   "Шундай йигитни рашк қилмай бўладими?» Ёдгор Саъдиев ҳақида давраларда гап кетганда Зайлихон опанинг шу гапини тез-тез эслаб тураман. Бу гапни опа Ёдгор ака ҳақидаги «Тунги меҳмон» номликўрсатувимда берган интервьюсида айтган эди. Ўшандан кейин Зайлихон опа билан кўпгина тадбирларда кўришиб турардик. У нафақат таниқли саньаткор ва севимли актёрнинг рафиқаси, балки дўсти, ҳамдарди, ҳамфикри ҳам эди. У аёл кўнгли билан Ёдгор акани мухлисаларидан рашк қилса-да, ақл-фаросати билан халқнинг меҳр-муҳаббати билан бўлиша оладиган оқила аёл эди.

Нафақат ташқи кўриниши, балки кўнгли ҳам ниҳоятда гўзал аёл эди. Зайлихон опа тақдир унга ҳаёт йўлларида қандай инсонни ҳамроҳ килганини яхши англар, турмуш ўртоғини барча ҳолатларда қўллаб-қувватлашга тайёр инсон эди.

Ёдгор акани жуда-жуда севарди! Ҳа, бу иборани барча муболағалардан ҳоли тушунишингизни истардим.

Биз буни Ёдгор акага бўлган муносабатидан англардик. Шунча йиллик турмушдан кейин, бу туйғуни биллурдек тоза ҳолда сақлаб қолиш ҳаммага ҳам эмас.

Турмуш ўртоғи ҳақида «Себзорлик йигит» дея китоб битган аёл - у биринчи эди. «Шундай саньаткорнинг мухлисалари бўлмаса бўладими?» Бу қалбига таскин берувчи иборани аввало ўзи учун , кейин эса «Турмуш ўртоғингиз жуда машҳур, севимли. Уни рашк қилмайсизми?» дея, унинг очиқ ярасига бот-бот «туз» сепадиган менга ўхшаган «журналистчалар» учун ўйлаб топганини бугун, уни йўқотганимиздан кейингина тушуниб етдим.

Атиги 14 ёшида шу йигитга мафтун бўлган-у, унга бўлган туйғусин то умрининг охиригача сақлаб қолган ўта дидли, фаросатли аёл энди орамизда йўқ.

Тақдирнинг бу синовини ақлим билан қабул қилсам-да, кўнглим билан келиша олмаяпман. Чунки Ёдгор акани Зайлихон опасиз кўриш барчамизга оғир.

«Бандалик. Худо севимли ва буюк актёримиз Ёдгор Саъдиевга сабр берсин...”

 

Шоира РАУФБОЕВА