КАРАНТИН


Замин касал бўлди,
Ҳа, оғир касал,
Инсон боласидан юқди оғир дард.
Ўзин асрамоғи керак энди сал,
Одамлардан холи сақланмоғи шарт.

То икки оёқли жонзотлар эзган
Мазлум кўксидаги яралар битсин.
Очкўзлик, залолат зарбидан безган
Кўнглида йиғилган йиринглар йитсин.

Тин олсин “Одамзод – оқил болам” деб
Бошига кўтарган муштипар Она.
Оқибат, кўзлари кўкарган мушт еб,
Ўпкаси сил бўлган, кўнгли – ғамхона.

Боёқиш...
Борини қўшқўллаб тутди,
Еб-ичиб, устига қусди-ку одам.
Бурчи не, ҳаттоки қарзин унутди –
Ўзини самога хожа билган дам.

Ер чўкди.
Изиллаб излади чора,
Зорланиб дардини айлади баён:
“Ҳолимни англаса одамзод зора,
Муқаррар офатни кўролса аён...”

“Зилзила” дедилар –
Асли ваража
Босган чоғ Заминни тутмиш қалтироқ.
Иситмаси чиқиб – милён даража,
Босриқса, кулдилар: “Момоқалдироқ”.

“Вулқон” деганлари (оловли, қуюқ)
Бўғзидан отилган лахта қон эди.
Ким “Торнадо” деди,
Ким деди “Қуюн” –
У чиқолмай ётган аччиқ жон эди.

Оламни босган сув “Сел” эмас,
Замин
Кўзидан силқиган томчи ёш, холос.
Афсус, тушунмади одам Ер ғамин,
Афсус, бўлолмади балодан халос.

Ва Ер касал бўлди,
Ҳа, оғир касал,
Инсон боласидан юқди оғир дард.
Ўзин асрамоғи керак энди сал,
Одамлардан узоқ сақланмоғи шарт.

Майли, “Чилла” десин,
Майли – “Карантин”,
Дам олар бедаво дастлардан холи.
Беором асрда олиб аранг тин,
Зораки ўнгланса пича аҳволи...

Саволлар кўпайди...
Инсон, жавоб бер!
Нобуд бўлмай десанг, даво топгил, бас:
Одам тузалмаса – тузалмайди Ер,
Замин тузалмаса – Одам тузалмас!

22.03.2020
Нодир Жонузоқ
t.me/nodir_jonuzoq