Наврўз қўшиғи


ОНА ТУПРОҒИМ
Наврўз қўшиғи

Дунё тиниқ тортди, гул тиниқ тортди,
Боғлар куртак отди, дил тиниқ тортди,
Булутлардан чопон кийган тоғларга
Гуллола тўшалди, йўл тиниқ тортди...
Юртимга ризқ сочдинг, Ҳамал тупроғим
Халқимнинг ўзидай ҳалол тупроғим.

Тупроқ бўла билган осмон элим бор,
Осмонга юлдузни осган элим бор...
Ҳар гиёҳга таъзим айлаган, камтар,
Довруғи дунёни босган элим бор...
Ерда тилла,  зарим, донимсан тупроқ,
Ризқу рўз, Наврўзим, нонимсан тупроқ.

Ер бағир очмаса, офтоб ҳам ҳиссиз,
Ёққан ёмғирлар ҳам кетгайдир изсиз...
Бир гиёҳ ўсмаган ўлик тупроқдан
Шамол ҳам бош олиб кетгайдир, эссиз...
Шукр, тупроғимда ҳаёт сўз очар,
Гулчечак, гуллола, Наврўз юз очар...

Ердан отилган тош ерга тушгайдир,
Майсалар энг аввал қирга тушгайдир,
Ердан узилганнинг бошига тоғлар,  
Осмону фалаклар бирга тушгайдир.
Тирикликка маъво, замир тупроғим,
Мени ерда тутган томир-тупроғим.

Дунё тиниқ тортди, гул тиниқ тортди,
Боғлар куртак отди, дил тиниқ тортди,
Булутлардан чопон кийган тоғларга
Гуллола тўшалди, йўл тиниқ тортди...
Юртимга ризқ сочдинг, Ҳамал тупроғим
Халқимнинг ўзидай ҳалол тупроғим.

Қўчқор НОРҚОБИЛ