МИНСК. ЭРТАЛАБ


Минск кўчалари ойнадай тиниқ —
Кўринар саҳаррез шамолнинг акси...
Синчиклаб қарадим, гугурт чўпи йўқ,
Кўзингга урилмас чўп-хазон рақси.

Писта чақмасмикин? Халқман дегани,
Ёки сув ичмасми елим идишдан?!
Ҳеч қурса тамаки қолдиғи қани,
Чўнтагига солиб қайтарми ишдан?..

Субҳ ёмғирлари сўзлар безавол,
Паришон кўнглимга етмасин деб лат:
“... Қандай қилиб ерни айласин увол
Култепада шаҳар яратган миллат?!

Фашист вайрон қилди. Кул этди ёқиб
Ҳеч қачон битмайди оғриқ излари...
Сенга шу тупроқдан турибди боқиб
Қанчалаб ўзбекнинг очиқ кўзлари...”.

Бир қалқдим. Озурда ер узра бир сас —
Бобомнинг кўзлари боқарди туйқус...
Англадим. Заминга ортиқча бир хас
Оғирлик қилишин билар беларусь!

Қўчқор Норқобил.
10 март, 2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот