ХЎРОЗ НЕГА УЧМАЙДИ?


Қанотлилар синфида
Хўроз экан билимдон.
Қийналмай беш оларкан.
Ҳамма фандан ҳар қачон. 
Эрталаб туришдан-беш,
Майдалаб юришдан-беш,
Тумшуқдаги донини
Кичикка беришдан-беш.
Хўроз ўзидан хурсанд
Мағрур қадам ташлабди, 
Чор атрофида ҳамма
Уни мақтай бошлабди.
Қандай асралмоқ мумкин 
Иссиқдану аёздан,
Неки мушкул ечишни,
Ўрганинглар хўроздан.
Бирам қувноқ,  қақилдоқ,
Хўрозжонга офарин!
Дангасаликдан йироқ,
Хўрозжонга офарин!
Хўроз бир тонг: ўқиш кўп
Чарчаб толаман дебди.
Нима қилибди шу бир кун
Дарсдан қоламан дебди.
Тонгда Укки тургун – деб
Жаҳил-ла, бақирибди,
Ўртоқлари бирма- бир, 
Мактабга чақирибди.
Аввал Турна чақириб, 
Уйғонишин кутибди,
Майна тур – деб кўзига 
Ойначасин тутибди.
Какликнинг- чи, қичқириб, 
Овозлари битибди.
Хўроз эса ёстиқ - ла ,
Қулоғин беркитибди.
Турмагач, бари секин, 
Мактаб томон кетибди.
Қанотлилар синфида 
Шу кун қизибди сабоқ,
Хўрозга дангасалик 
Қимматга тушди бироқ.
Ўша кун қанотлилар
Омадга юз тутибди,
Ўқитувчи шу куни
Учиш дарсин ўтибди. 
Хўроз эса ғафлатдан
Пар ёстиқни қучибди,
Ушбу дарсда дўстлари
Фалак сари кўчибди.
Бахмал мисол қанотлар
Булутларни силабди,
Уларга жами жонзот
Юксак парвоз тилабди.
Қушлар хурсанд бўлишиб,
Бахтли кун сабоғидан,
Қанот силкиб ўтишди,
Хўрознинг қўноғидан.
Хўроз эса бу бахтни
Қуча олмай қолибди,
Қанотлари бўлса ҳам
Уча олмай қолибди.
Шундай қилиб қиссадан
Чиққан ҳисса аёндир,
Дарсни бир кун қолдирган
Бир умр пушаймондир.

Зулфия МЎМИНОВА.

  2021 йилда Зулфия Мўминованинг "Хўроз нега учмайди" деб номланган шеъри асосида Сурхондарё вилоят қўғирчоқ тетрида шу номли спектакль саҳналаштирилган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот