Дилимни оғритди дилимдагилар


Дилимни  оғритди  дилимдагилар,
Туну  кун  номлари  тилимдагилар,
Офтобим  шамолим  селимдагилар,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.
Заҳарлар  келтирди, шароблар  тутдим,
Ғийбатлар  уйдирди,  жавоблар  тутдим,
Қасамлар  ичдилар,  савоблар  тутдим,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.
Дастурхон  тўримда  шарбат  тотдилар,
Ўгрилдим,  ортимдан  тошлар  отдилар,
Улар  мени  бунча  осон  сотдилар,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.
Душманим  айёрдир,  пайтлар  пойлайди,
Дўстим  эса  нодон,  сувни  лойлайди,
Иккиси  бир  бўлиб  кўзим  бойлайди,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.
Жонимга жазодир, жонимдагилар,
Кўзимнинг қароғи, қонимдагилар,
Эй, воҳ, бегонадир ёнимдагилар,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.
Аслида дўст ҳам бир душманнинг тури,
Душманнинг энг зўри, душманнинг шери,
Чунки  қўлидадир кўнглингнинг сири,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.
Бошимга балодир, балодир кўнглим,
Бир сўзнинг тиғидан яродир кўнглим,
Дўсту душман аро адодир кўнглим,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.
Ўзингдан йўқ ўзга маҳрами жоним,
Ўзингсан Султоним, ўзинг Ҳоқоним,
Ўтда куйдирмагин икки жаҳоним,
Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,
Аллоҳим, меҳрингдан бир ҳилват бергин.
Фарида АФРЎЗ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот