Топилмас китобхона!


Кўчамизга қараймиз,
Катта бизнинг кўчамиз.
Турфа эшиклар қатор,
Қайси бирин очамиз?!

Қадамда шаробхона,
Оралаб кабобхона.
Лек, афсус, топилмайди -
Битта ҳам китобхона.

Бор ҳоким - жанобхона,
Ҳам қози - жавобхона.
Учрамайди, лек, аттанг,
Бир китоб - савобхона.

Дорихона ҳам бисёр,
Гўё бутун эл бемор.
Қалбга шифо бўлгучи -
Кутубхона йўқ бекор.

Маърифат тутиб, хона,
Дардларин ютиб, хона.
Туради кутубхона -
Интизор, кутиб хона...

Кўчамизга қараймиз,
Шуми бизнинг кўчамиз?
Кутубхона бўлмаса -
Бу кўчадан кўчамиз!

БОБУР БОБОМУРОД