ЭНДИ ШЕЪР КЕРАК (ЭМАС)МИ?


     Кейинги пайтда қоғоз қоралашга ўйланиб қолдим. Илҳом келмаганидан эмас, ёзганларимни биров ўқирмикан, деган ҳадик билан. Қачондир адабий суҳбатларнинг бирида шоир Азиз Саидга: “Нега шеър ёзамиз? Дунёда қанча кутубхоналар бор. Шу китобларни ўқишга одамнинг умри камлик қилади. Шуларни ўқиб юраверсак бўлмайдими”, деганимда, “Саволингиз худди Лайли ва Мажнуннинг муҳаббати етади. Энди ишқнинг нима кераги бор, дегандек жаранглади. Ҳар бир даврнинг Лайли, Мажнуни бўлади”, деб қўйганди. Эҳтимол, бу ҳам бир ҳисобдан тўғридир, лекин ҳеч бир даврда шеърият бу қадар эътиборсиз қолмаган. Бундан уч-тўрт йил олдин нашриётлардан бирига тўпламимни топширгандим. Шунча вақт ўтиб борсам, ўша пайтда кўз олдимда ташлаган жавонда чанг босиб ётибди. Кайфиятимни кўтариш учун китоб дўконларини айландим. Расталар қандайдир ўғирликлар, қотилликлар, бойлик топиш йўллари ёки ойимчаларнинг суратлари билан безатилган (китоб деб аташга ҳам тил бормайди) нарсаларга тўла. Шулар билан бир растада китобимни туришини тасаввур қилиб, дўкондан тезда чиқиб кетдим. Қўлёзмаларни уйимиз ёнидаги Оқтепа анҳорига отиб юбордим. Ҳўш, ҳозир ким Навоийни телбаларча ўқияпти? Машраб девонаси борми? Бедилни ким тушунади?..
     Кеча бир ижодкор: “Ўйлаб-ўйлаб энди бир тўхтамга келдим. Энди бизга шеърият керак эмас. Мана, шеър ўқийман деганга Румий бор, Фузулий бор, Навоий бор. Тўғри, шеър санъатимиз учун керак. Лекин бу ишни уч-тўртта маддоҳ қўшиқбоз қаламкашлар эплашаяпти, бундан кейин ҳам эплайди”, деди. Тўғри-да, йилида бирор газета, журналда шеъринг чиқмаса, чиққани билан қалам ҳақи берилмаса, сўз қадри қоладими, дедиму кейин ўзим ҳам ўйлаб қолдим: Ростдан энди бизга шеър керак (эмас)ми? Агар Навоий ҳазратлари ҳаёт бўлганларида ҳозир бизга ўхшаб ижтимоий тармоқларни титкилаб ўтирармиди?.. Ёки, шеърият дўконини ёпар(ми)ди?...

Адиба Умирова