БУ БОҒЛАР


Бу боғлар – бир боғлар бўлади ҳали...
Зулфия

Бу боғлар – бир боғлар бўлдики, мана,
Назм бўстонида нурли баётсиз.
Баҳорлар келади, кетади яна,
Сиз кетмас баҳорсиз, мангу ҳаётсиз.

Айтган сўзингиздан чирой, жон олиб,
Ёруғ изингизда гулзорлар унди.
Барибир танҳосиз, соғиниб, тўлиб,
Сизни сўроқлайди баҳорлар энди.

Кўнгил либосингиз исми номус-ор,
Андиша нақшлари қарашингизда.
Миллат аёлининг кўркамлиги бор
Ҳаттоки сочингиз тарашингизда.

Ибратим, ҳайратим, дилим, дилхоҳим,
Ҳижрон юкин ортган улуғ карвоним.
Вафо байроғидек юксалган моҳим,
Сиз миллат фахрисиз, Зулфияхоним.

    Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот