КЕСИШУВ НУҚТАСИ


Биз қандай кесишув нуқтасидамиз,
Кичрайиб бормоқда ҳаво шари ҳам.
Атом майдаланди ой бўлагидек
Қуёш юзин тўсди, қорайди олам.

Кометалар кўчди Дубби Акбардан
Асқар тоғи қадар муштини тугиб.
Худолар, қитъалар, муҳожирларнинг
Жаҳолат чоҳига тортди энтикиб.

Олтин тожлар билан узилган бошлар
Қулаган тахтларда қолди эгасиз.
Дарсликларга кириб келди қон билан
Бузилган мозорлар шарпаси сассиз.

Қисқа бир фурсатда эзгу ҳисларга
Тупурди одамзод ўздан мосуво.
Башар қолиб кетди фақир, нотавон,
Ғарибликнинг аччиқ кўз ёши аро.

Янги асримизнинг ваҳшати билан
Боқаман дунёга – бор куч, қудратин
Қандайдир қуроллар пирамидаси,
Ўқлар ғарамига сарфлайди бутун.

Қирувчи кемалар, ракеталарнинг
Порлоқ парвозини ўйлар бехато.
Зарбидан титрайди гул, майсалардан,
Кўкда учиб юрган қушларгача то.

Мажруҳлик, муҳтожлик, талваса, ваҳм,
Бугунги, эртаси йўқ офатларнинг
Жангу жадалларнинг охири борми,
Сўнгги бормикан бу талафотларнинг?

Айланиб ўтишнинг ҳеч иложи йўқ
Қуролбоз қўлларнинг замонасидан.
Бир соат ичида битта тўп билан
Йўқ бўлган Ватанлар вайронасидан.

Ҳалокат яқиндир, интиқом яқин,
Кўчиб ўтди афғон нолаларига.
Ҳалиям қўйнида тош олиб юрган
Не дейин, бу даврон болаларига?

Биздан сўнг қуёшни тополмас ҳеч ким,
Бир тутам ёғдуни эп кўрмас ҳаёт.
Йўллар йўқотади мувозанатин,
Кесишув нуқтаси тугайди, наҳот?

Йўқ, менинг Ватаним бундай тугамас,
Мазлумлар макони эмас беомон.
Ерга юборилган еттита руҳнинг
Еттита фалакнинг эгаси ҳамон.

Еттита муҳрни ечишга қодир,
Дунёнинг кўзини очган дафъатан.
Бошига солиҳлик тожини кийган
Менинг Ватаним у – самовий Ватан!

 

Адиба УМИРОВА