КЕЛИБ ХАТО ҚИЛДИМ...


Қайтаман – ўзгадан Ўзингга қараб,
Сенинг борлигингга келтириб имон.
Келиб хато қилдим, кетиб юварман,
Гуноҳларнинг аччиқ меваси инсон.

Қалби занглаган қулф – ҳеч ким очолмас,
Ростдан ёлғони кўп – англамоқ қийин.
Муқаддас масжидлар, черковлар, хочлар
Одам қилолмади мен нима дейин…

Қанча нур китоби тушмади ерга,
Не-не авлиёлар ўтди пайдар-пай.
Исо ва Будданинг қиёфасида
Аллоҳ қараб турар бизга индамай.

У билмаган сир йўқ қалбларимизда,
Гоҳ қаҳри тўзондек ер юзин босар.
Чексиз қудратини майда дардларга,
Ғализ ўйлар билан кўмдик саросар.

Энди ахтарамиз ғам зиндонидан
Ёруғликка олиб чиқар йўл қайда?!
Кўтарилган жойда ҳаё пардаси
Гўзаллик ҳақида сўйлаш бефойда.

Қандай бахтли бўлсин беғубор тонгда
Бокира ҳислари топталган гуллар?
Эзгу туйғулардан ҳануз бехабар
Ҳақиқат ахтариб юрган ғофиллар.

Барига лоқайд қўл силтаган мендек
Оқибат қулаган чоғда юзтубан.
Худди сиздек ўзин четга тортганлар,
Ҳаммадан покман, дер қайси юз билан?

Заминни титратган золим шоҳлардан,
Кўкдан нажот кутган гадоларгача.
Бир руҳоний ёки мўйсафид каби
Ишқдан тақво олган нидоларгача

Ҳаққа, Ҳақиқатга, Ишқ, Ибодатга,
Ҳаётга, Зиёга, нурли Эртага.
Ёруғ орзуларга, соф хаёлларга,
Маъсумликка қайтиш керак, албатта.

Завол панжасидан жой олмай ҳар ким
Кўнглини ювмоғи даркор борича.
Фақат бир меҳрга ташнадир бу дил,
Дунё таҳоратга муҳтож ҳозирча.

Адиба УМИРОВА