ЖАНГДАН СЎНГ


Жанг қақшатқич кечди, ботирлар
Тикка борди оловга-ёвга.
Қўрқоқлар-чи, писиб ётурлар,
Кўкрак бериб ҳандақли ғовга.
Олдинги саф тутдай тўкилди,
Кўксин қалқон қилишди юртга.
Зирҳ тешилди, совут сўкилди,
Аммо эрлар қайтмади ортга.
Шаҳид бўлди,ҳайҳот, қанча мард,
Шерюракли асл ўғлонлар.
Ахир ёвни енгиш эди шарт,
Дарё бўлиб оқди-я қонлар.
Ёв қўрғони этилди ишғол,
Эгилди тик, баланд туғлари.
Ботирларнинг майдонда, алҳол,
Кезиб юрар ғолиб руҳлари.
Лошлар қолди мард фидойидан,
Ярадорлар инграр шикаста.
Яшириниб ётган жойидан
Чиқиб келди қўрқоқлар аста.
Кўкка учди оппоқ кабутар,
Элга етди зафар муждаси.
(Тиғ кўтарган тиғдан марг топар,
Қолди ёвнинг бадбахт мурдаси).
Чарх иши терс, ғалат ўйинлар,
Ёзаяпман бағри қон бўлиб.
Мардлар унут, қўрқоқ-хоинлар
Яшаяпти қаҳрамон бўлиб.

 

Амир Худойберди

28.09.2019