Оғриқ йиғлатмайди ҳамиша


Оғриқ йиғлатмайди ҳамиша,
Гўзалликни кўра олса кўз.
Тоғдек йўқотганинг - ушоқча,
Тасаллини уддаласа сўз.
 
Яхши кўрганларни қадрлаб,
Ёмон кўрганларни қилсанг дўст;
Яхши кунинг юрсанг ҳотирлаб,
Умринг ўтар бекаму, бекўст.
 
Доғ эмас тоғ бўлган ёрига,
Сўраб олмас ҳурмат, иззатин.
Ярар катта-кичик корига,
Қилади беминнат хизматин.
 
Умид, ишонч, муҳаббат кетса,
Келар нолиш, ҳориш, зерикиш.
Нафс балосин кимки дафн этса,
Бир - бировни қўллаш, бирикиш!
 
Ҳеч ким кирмас ҳаётингизга,
Шунчаки ўз-ўзидан ўйнаб.
Солиб қувонч, ғам ёдингизга,
Қувнатиш ё қўйишга қийнаб.
 
Ўз ўрни, ўз вазифаси бор,
Сизга ҳамроҳ ҳар бир одамнинг.
Ҳар бирига бериб эътибор,
Сиз қадрига етинг ҳар дамнинг.
 
Оғриқ йиғлатмайди ҳамиша,
Гўзалликни кўра олса кўз.
Бир лаҳзада қилмай андиша,
Ўлдириши мумкин битта сўз!
Умида Абдуазимова