ОРАНГИЗДА ОНАМ БЎЛСАЙДИ!


ОРАНГИЗДА ОНАМ БЎЛСАЙДИ!

Ярим кўнглим қани тўлсайди,
Гўдак қалбим дийдор қўмсайди.
Сочлари оқ, хаста бўлса ҳам,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Уч ёш эдим, ёш қолиб кетдим,
Кўзларимда ёш, қолиб кетдим,
Ёш боладай эркалаб айтдим:
Орангизда онам бўлсайди!
 
Онаси бор кўнгли ойдами,
Давраларда ёки тўйдами,
Сўнгги қатор, сўнгги жойдами,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Фарзандларин тўйин кўрмаган,
Набиралар бўйин кўрмаган,
Ҳеч бўлмаса қирққа кирмаган,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Яша, мени шоир болам, деб,
Ўша мени шоир болам, деб,
Ўзим сенга қойил, болам, деб,
Машрабликка мойил болам, деб,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Тунларимни тонгга улардим,
Оналарга умр тилардим,
Балки, машҳур шоир бўлардим,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Юзи ажин, кулгичи кулган,
Чаккасига райҳонлар илган,
Фарғонадан Тошкентга келган,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Қадамимни юрак билан ҳис,
Минг бир ичра англаган ёлғиз,
Энг буюк ва энг содда мухлис,
Энг буюк ва энг содиқ мухлис,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Фариштадек оқ рўмол ўраб,
Ҳожи она бўлиб-ей, ё Раб,
Яратгандан файзимни сўраб,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Юраккинам эрка -- шўх эди,
Армонлардан тилка -- чўғ энди,
Мендан бахтли инсон йўқ эди,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Айтиш қийин энди қолганин,
Дунё олмас, дардим олгани,
Ҳасса қўйиб қарсак чалгани,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Эй, бахтиёр онаси борлар,
Эй, Мирзодек онага зорлар,
Тўқир эдим шодон ашъорлар,
Ўқир эдим шодон ашъорлар,
Орангизда онам бўлсайди!
 
Мирзо КАРИМ
(2009 йил, Тошкент)










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот