КЕЛДИМ


Келдим,

Келмасидан тонг саболари,

Қуёш найзаларин санчмасдан келдим.

Елкамда йўлларнинг иддаолари,

Йиллар истибдодин янчмасдан келдим.

 

Келдим,

ҳар япроққа сўйламай келдим,

Ҳаддимдан баландга бўйламай келдим.

На-да бир тадорик, на шубҳа, гумон,

Ҳаттоки бир бора ўйламай келдим.

 

Мен шундай мард келдим,

сержуръат келдим,

Келмасам бўлмасди, келсам бўлмасди.

Кўзлар ҳам тўлар-ку, нечун тўлмасдил?

Мен шундай дард келдим, ложувард келдим.

 

Келдим,

остонангда турибман кутиб,

Шошма, эшикни тез очиб юборма.

О, донишманд зот,

Мўйсафид Ҳаёт –

Сен мени ҳавога сочиб юборма.

 

Ер қаттиқ, кўк баланд, умр сарсари,

Юракда кўз очсин бари шодликлар.

Гўзаллик, муҳаббат, бахтдан ташқари,

Сен мени айирма паришонликдан.

Келдим...

 

***

Мен бахт билан ҳазиллашаман,

Гоҳ ухлайман унга суяниб.

Онамдай кўп тоқати билан

Сочларимни тараб қўяди.

Қувлашмачоқ ўйнайверамиз

Эрка гуллар арзандасидек.

Енгил-енгил қадам босаман

Жуда узоқ қувламасин деб.

Туртинаман тошларга атай

Дарахтларга бўламан кулги.

Жилмаяман у келмаганда

Келмагандай гўёки ўлгим.

Жаҳли чиқар билиб қолса гар

Сездирмайман йиғиларимни

У билади – энг жасур аёл

Кечириб юборар ғанимни.

Ҳазилларим унут бўлар, сўнг

Тошлар аро сокин гуллайман.

Гар қоқилсам тутиб қолар Кўк,

Гар қуласам, Кўкка қулайман.

 

 

Маҳфуза ИМАМОВА

 

     Муаллиф ҳақида: Маҳфуза Имамова - Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани “Бўстон” маҳалласида туғилган. Ҳиндистоннинг Бангалор университетида таҳсил олган. Ижодий ишлари Республика матбуотида эълон қилинган. 2014 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Ёруғ йўл” номли биринчи китоби чоп этилган. Ҳозирда “Академнашр” нашриётида фаолият юритмоқда.