Ёлғизлатиб қўйма, жон болам!


ОНАСИ БОРЛАР! УЛАРНИ АСЛО ЁЛҒИЗЛАТИБ ҚЎЙМАНГ!

 

Деворларни ушлаб юра бошласам,
Гапларим нотўғри қура бошласам,
Каллаи-саҳарлаб тура бошласам,
Менга қавоғингни уйма, жон болам,
Асло ёлғизлатиб қўйма, жон болам!

Чойимга бўктириб есам нонимни,
Хотининг койиса олмай ёнимни,
Қийин қийноқларга қўйиб жонимни,
Менга қавоғингни уйма, жон болам,
Асло ёлғизлатиб қўйма, жон болам!

Бир гапни ўн марта қайтариб айтсам,
Нонга деб кетсаму, нон олмай қайтсам,
Бир кун соғ, ўн беш кун тўшакда ётсам,
Менга қавоғингни уйма, жон болам,
Асло ёлғизлатиб қўйма, жон болам!

Қиммат идишларинг синдириб қўйсам,
Кўрпамни қуёшга илдириб қўйсам,
Устимдан ҳаммани кулдириб қўйсам,
Менга қавоғингни уйма, жон болам,
Асло ёлғизлатиб қўйма, жон болам!

Келмасанг, ўн марта қилсам қўнғироқ,
Қайдасан болам деб хўп қилсам сўроқ,
Билсанг, хавотирдан ўлган яхшироқ,
Менга қавоғингни уйма, жон болам,
Асло ёлғизлатиб қўйма, жон болам!

Меҳмонинг келганда ўтираман жим,
Онанг эканимни билмайди ҳееееч ким,
Хонамга қамасанг, оғрийди қалбим,
Менга қавоғингни уйма, жон болам,
Асло ёлғизлатиб қўйма, жон болам!

Ўксиб йиғлайверсам ҳуда-беҳуда,
Бирор таом қўмсаб қолсам гоҳида,
Тўрдан гўрим яқин бўлган чоғида,
Менга қавоғингни уйма, жон болам,
Асло ёлғизлатиб қўйма, жон болам!

Малика Салимова