ХУДОГА БОРАМАН!


Дайди шамолларга эрмак хаёлим,
Эртакка айландим ким учун билмам?
Кўз ёшим ичимга қараб оқар жим,
Қисматим шу бўлса -- сиздан не гинам.
(Худога бораман, Худога)

Кимларни кўрмаган беҳуш жунундан
Ўзим билмас сирни ёпгани келдим.
Момо Ҳавво янглиғ кўҳна очундан
Ўксиган кўнглимни топгани келдим.
(Худога бораман, Худога)

Жаннатдан келган бир ҳур садо эдим,
Таралганим сари мунгларга тўлдим.
Азалдан тузалмас бир хато эдим,
Яна хатоларнинг қурбони бўлдим.
(Худога бораман, Худога)

Барча ёзғиришлар бекор туюлар,
Шундоғам қайғудан тилка-пораман.
Дард чекмаган одам нимани билар,
Менга энди айтинг, қайга бораман.
(Худога бораман, Худога)

Шу ғариб дунёнинг бор-йўғи билан,
Юрагимда қолган ишқ чўғи билан,
Бўғзимгача ботган жон тиғи билан,
Умримдан чиройли бир йиғи билан,
(Худога бораман, Худога)

Адиба УМИРОВА