... ВА ЯНА СЕВАЯПМАН!


 

Мен сени ахтариб топдим ўзимдан,
Ёсуман гулидек тўкилиб бедор.
Бир озод қуш каби учдим боғингга,
Бошқа боққа қўйиб юборма зинҳор!
Эй, ишқ қона-қона --
... ва яна севаяпман!

Бордирсан -- Зардуштнинг пок хаёлида,
Ҳалложлар назари тушган кўнглимда.
Гоҳ азоб, гоҳида ширин дард билан
Эгамнинг яратган ҳар бир кунинда.
Эй, ишқ, тона-тона -- 
... ва яна севаяпман!

Ҳасрат чўкиб ётган дунёдан кечиб,
Ўгирдим хаёлинг тасбеҳларини.
Шу Мажнундилинг, шу Лайлинафасинг
Қайта тирилтирар Исо Масиҳни.
Эй, ишқ, ёна-ёна --
... ва яна севаяпман!

Мен ўзимга шоҳман, ўзимга гадо,
Ато ва Ҳавводан мерос андуҳим.
Тавроту Инжилу Қуръоним ўзинг,
Тақвоим ўзингсан -- сиғинарман жим.
Эй, ишқ, сўна-сўна --- 
... ва яна севаяпман!

Кўксимга ботганча шаҳват кўзлари
Бир нозанин сўрар: -- Тоза ишқ қани?
Эй, нодон қиз, дейман: -- Ишқ бу аслида,
Ҳақдан ҳаё қилиб, севмоқ дегани.
Эй, ишқ, кўна-кўна --
... ва яна севаяпман!

Фақат севган чоғда гўзалдир сорлар,
Ўргимчак бахт тўқир капалакларга.
Ювош тортиб қолар ҳатто йўлбарслар,
Одамлар айланар маъсум гўдакка.
Эй, ишқ, тина-тина -- 
...ва яна севаяпман!

Ташбеҳга не ҳожат -- янгисан мудом,
Озодсан қафаслар ичида ҳам рост.
Макон танламайсан, дин танламайсан,
Сени танлаганлар адашмас -- бехос
Эй, ишқ, сина-сина -- 
... ва яна севаяпман!

Бағрингда кўз очган палапондан то,
Ерда барра урган майсаларгача.
Сен кераксан бутун башариятга,
Кераксан тош қотган қалбларга шунча!
Эй, ишқ, лол-ҳайрона --
... ва яна севаяпман!

 

Адиба УМИРОВА