ОНАМ ОЙНИНГ ҚИЗИ


Онам ойнинг қизи ойшаҳар эди,
Отам тоғлар ўғли тошчайнар эди.
Онам оҳуларнинг кўзидан ўпиб,
Отам айиқ билан тош ўйнар эди.
Онам айтса, селлар ўпкасин босиб,
Айланиб ўтишни йўлин қиларди.
Отам саратонга чой дамлаб бериб,
Ўтгану кетгандан гуринг қиларди.
Бир муанбар ўйлар, муаттар бўйлар,
Онамнинг бошида дурраси эди.
Рашк деган жойида,феъли айниса,
Отам изғириннинг жўраси эди.
Қаҳратон қақшарди қизғонишидан,
Биз музлаб қолардик,қотиб қолардик.
Эркак зоти келса дарвозамизга,
Ҳовлининг тўрига қочиб қолардик.
Қаттиқ қизғонарди отам онамни,
“Тишингни оқини кўрсатма!”- дерди.
Онам яйрамади унинг зуғмидан
“Эр деган шундайин бўлади” - дерди.
Отам ҳавлимизда кўтарса бўрон
Учта қиз эшикни очганча қия,
Сим – сим йиғлар эдик, жим йиғлар эдик,
Ўксирдик онамни севмайди - дия.
Онам вафот этди қирқ бир ёшида,
Кўп эрта чорлади у дунёи чин.
Отам кўникмади онамсиз бахтга,
Отам уйланмади онамдан кейин.
Биз эса...
Ўксибмиз онамни севмайди дия.

Онам ойнинг қизи ойшаҳар эди,
Отам тоғлар ўғли тошчайнар эди.


ЗУЛФИЯ МЎМИНОВА