Жирканч башара


Атрофимда беҳисоб ёғий,

Таниб бўлмас барчаси юзсиз.

Пок қалбимга кирли оёғи

Қолдиргандир аламли бир из.

Тангрим, кўрсат душманим турқин,

Таниб олай, кўрай бир бора.

Паноҳ бўлиб бошимда тургин,

Ҳимматингдан йўқ ўзга чора.

Башараси совуқ ва жирканч,

Ҳеч бошқача бўлолмас ғаним.

Ёлғиз севгинг руҳимга таянч,

Ёлғиз сенсан дўст деб билганим.

Тангрим, фақат сендан ҳимоя,

Сендан илинж, мадад, нажот, бахт.

Менга фақат севгинг кифоя,

Кифоядир дилимдаги аҳд...

Тангрим, кўрсат ғанимнинг юзин,

Таниб олай, кўрсат бир бора.

Ажратолсам дўст-душман тусин,

Аламларим камайса зора...

©Амир ХУДОЙБЕРДИ