АСРАНГ


 

Бу дунё аслида ёмғирли, қорли,
Гоҳида шод бўлсак, гоҳида зорли,
Ҳозирча отангиз онангиз борми –
Отангизни асранг отаси борлар,
Онангизни асранг онаси борлар!

Шу ҳаёт ташвишин бирга тортамиз,
Бугун офтоб бўлсак эртан ботамиз,
Шундоқ ўтган асли Одам отамиз –
Отангизни асранг отаси борлар,
Онангизни асранг онаси борлар!

Шулар бор дунёнинг ямоғи бутун,
Шоҳнинг ҳам гадонинг тамоғи бутун,
Олис юлдузларнинг саноғи бутун –
Отангизни асранг отаси борлар,
Онангизни асранг онаси борлар!

Тўнлари гоҳ бутун, ямоқда бўлар,
Хаёли гоҳ пахта, чаноқда бўлар,
Гоҳо, озодликда, қамоқда бўлар –
Отангизни асранг отаси борлар,
Онангизни асранг онаси борлар!

Онанг ҳаёт бўлса онам деб юкин,
Отанг ҳаёт бўлса отам деб юкин,
Ёринг ҳам аёлдир санам деб юкин –
Отангизни асранг отаси борлар,
Онангизни асранг онаси борлар!

Баҳор қабрларга чечаклар тақар,
Қайноқ кўз ёшларим ичимга оқар,
Офтоб ҳам мунғайиб етимдай боқар –
Отангизни асранг отаси борлар,
Онангизни асранг онаси борлар!

Оҳ, отам келсаю, бошим силаса,
Оҳ, отам келсаю, тилак тиласа,
Шарт юлиб берардим юрак сўраса –
Отангизни асранг отаси борлар,
Онангизни асранг онаси борлар!

Ҳамроқул Асқар