ЯНА ЛЕРМОНТОВ ҲАЙКАЛИ ЁНИДА


Мен келдим. Даҳосан! Шубҳасиз суюк...
Бироқ юракларни ўртаган ғамсан.
Шеърнинг чўққисида турар қаддинг тик,
Йигирма олтига тўлган оғамсан...


Дуэл майдони бу... Ҳамма нарса ҳал.
Ўқдондан чиқишни истамайди ўқ.
Ажал ботинолмай турган шу маҳал,
Бир бора “Йўқ” дегин, “Йўқ” десанг-чи. Йўқ!


Шоир юрагининг ўчмайди ўти —
Ўт-олов ичидир шоир топган йўл.
Олисда қолдими бувинг ўгити:
“Дунё тор келганда болам, Сен кенг бўл...”.


Ўлим гумбирлайди... Ув тортди бўрон —
Тоғлар сор бургутдан бўлдими жудо?!
Айрилгани каби бир қоясидан
Элбурснинг бағридан отилди видо.


Даҳолар ҳар куни дунёга келмас,
Балки юз йил керак... балки минг йиллар...
Ҳар лаҳза туғилар, бўлмайди абас —
Қанчалаб Мартинов, Дантес, “дуэллар”...


Шоир юрагида исён олса ўт
Ёмғирдан мих ясаб урар довулга.
Гоҳо майга қўшиб ичганда сукут
Тунлар виждонини чорлар дуэлга.


Игнанинг кўзидан ўтган бу дунё
Юрагига сиғмас ёлғиз чоғида.
Илиқ табассумга зор бўлар гўё —
Тириклик тиғ тортар ҳиққилдоғида...


Йиқилсанг... Эпкин ҳам бўронга дўнди,
Бир зумда дарёлар терсга бурилар...
Кечаги дўстларнинг ўрнида энди,
Саф тортиб туради чиябўрилар.


Бу ҳаёт бир саҳна — ҳамма жонталаш,
Қисмат ўйнатади турфа шаклда.
“Устоз” деб билганинг отар Сенга тош,
Парвардигор ёзган спектаклда...


Булар майда гаплар... Лек муҳаббат бор!
Севги бор! Кимгадир бордир керагинг.
Ёдингга тушдимми... Кулдинг беғубор,
Ҳайкал, ураяпти ҳатто юрагинг...


Мен кетдим. Яхши қол. Даҳосан. Буюк!
Афсус юракларни ўртаган ғамсан...
Шеърнинг чўққисида яшайсан — тирик,
Йигирма олтида қолган оғамсан!

Қўчқор НОРҚОБИЛ.

22 июль, 2019 йил
Кисловодск.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот