Аҳмаджон Мелибоев таваллуд топган кун


   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли публицист, моҳир журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ёзувчилар уюшмаси Бадиий публицистика кенгаши раиси Аҳмаджон Мелибоев тавваллуд топган кун. 
  Аҳмаджон Мелибоев 1946 йил 23 март куни Ўш вилояти Сафед Булон қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. 1974 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Журналистика факультетини тугаллаган.
 Меҳнат фаолиятини ёшлар газетасида бошлаган. Сўнг Ёшлар нашриётида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида сиёсий шарҳловчилик қилган. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида узоқ йиллар бош муҳаррир бўлиб ишлади. Ўшанда газетанинг адади 886 минг нусхага етган. 2000-2004 йиллари Ўзбекистон Пезидентининг Давлат маслаҳатчиси, маслаҳатчининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2018 йилнинг май ойидан эътиборан “Жаҳон адабиёти” журналига раҳбарлик қилмоқда.
   “Бир заминда яшаймиз” (1982), “Умидли дунё” (1984), “Ёлғиз яшаб бўлмайди” (2006), “Ҳуштакни ким чалади?”(2007), “Умр учар юлдуз” (2006), “Торнинг чўмичдан фарқи” (2007), “Сувора соғинчи” (2007), “Қирқ бешинчи бекат” (2008), “Қабоҳат тўри” (2013), “Ризқ дарахти”, “Ўзингни ўзинг бошла” (2017) номли публицистик тўпламлари, “Ўнғор эртаклари” (1985), “Сафед Булон ҳикоялари” (2009) номли насрий асарлари, ёш журналистлар учун 6 та ўқув қўлланмаси эълон қилинган.
  Аҳмаджон Мелибоев миллий журналистикамиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг 2004 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида ташкил этган “Маҳорат мактаби” бугун ўз фаолиятини ЎзМУ Журналистика факультетида давом эттиряпти. Шу йиллар ичида ушбу мактабда икки юзга яқин бўлажак журналист таълим олди. Тажрибали устоз сифатида ёшларга ўзи раҳбарлик қилаётган “Маҳорат мактаби”да иқтидорли талабалар ва ёш ўқитувчиларга маҳорат сирларини ўргатяпти.
  1976-2020 йиллари матбуотда Аҳамаджон Мелибоевнинг 800дан ортиқ мақоласи эълон қилинган. Деярли ҳар ҳафтада газеталаримизда журналистнинг янги мақоласини ўқишингиз мумкин.
  Аҳмаджон Мелибоев 2018 йили Олий ўқув юртлари ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Энг яхши педагог” республика танловида, 2019 йили “Олтин қалам” танловида  ғолиб бўлди. Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси раҳбари. Чингиз Айтматов номидаги халқаро илмий академия аъзоси.
  Кейинги икки йил ичида Қирғизистон ва Белорусь давлат университетларида оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир илмий маърузалар ўқиди. “Чингиз Айтматов: Давр. Инсон. Ҳақиқат” монографияси чоп этилди. 2020 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Адиб ва жамият” рукнида унинг “Тождор ажал ҳамласи ёхуд дунёни ларзага солган 40 кун” номли салмоқли публицистик китоби чоп этилди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот