СЕН ШЕЪРЛАРИМНИ ЎҚИГАН ОҚШОМ


Бўлди. Бўлди. Ўқима, етар.

Қолганини оловга от. Бас!

Ёшга тўлган кўзларинг билан

Кўзларимга боққил бир нафас.

Ўтинаман, йиғлама, эркам,

Кўз ёшингга улар арзимас.

Ёшга тўлган кўзларим билан,

Кўзларингга боқай бир нафас.

Энди оғир рўёлар унут,

Изтироблар, тушкунликлар ҳам.

Неча йиллик армоним тўлуғ —

Бажо бўлди, учрашдик бу дам...

Энди бизга ҳижрон бегона,

Энди бизга мангулик висол.

Азобларнинг заҳрига қона,

Шу лаҳзага етишдик алҳол.

...Биз адашдик, адаштирдилар

Ҳасад билан тирик инсонлар.

Тентирадик бегона қирлар,

Тоғ-жарларда неча замонлар.

Мен яшашдан кўп бор тўярдим,

Жон истарди сўнгги нафасин.

Лек сўнгги дам дилда туярдим

Ожиз умид мавҳум шарпасин.

Юрагимни кимга бўшатай,

Кимга даркор нола, ғам-алам.

Ногоҳ менга ҳамдил, ҳамдарддай

Пайдо бўлди қоғоз ва қалам.

Мен сўйладим ғам-аламимни,

Ҳижрон заҳрин шеърда сўйладим.

Мен ёзмадим, қалб ҳисларимни

Маҳзун қўшиқ қилиб куйладим.

Мана, бу дам улар қўлингда,

Бўлди, барин аямасдан ёқ!

Менга жумла-жаҳон назмидан

Бир томчи кўз ёшинг азизроқ...

Бўлди. Бўлди. Ўқима, етар.

Қолганини оловга от. Бас!

Ёшга тўлган кўзларинг билан

Кўзларимга боққил бир нафас...

 

Абдуқаюм Йўлдошев