Қанийди, берилса имкон


Ўтмишга қайтишга ижозат бўлса,

Бир бора берилса бундайин имкон.

Мен ўша сен билан учрашган кунни,

Қисматдан ўчириб келардим,ишон.

Ўшал кун мен ўшал йўлдан юрмасдим,

Киймаган бўлардим ўша кўйлакни.

Жуда ярашибди демас эдинг сен,

Ўшал кун сочимда бўлган турмакни.

Сен салом бермасдинг,олмасдим алик,

Титроқ кирмас эди тиззаларимга,

Ва сен айланмасдинг бутун умрлик,

Ҳаммадан чиройли ғуссаларимга.

Қанийди ижозат бўлганда бир бор,

Сендан айибларни топиб келардим,

Сен изн сўрамай,бир тепиб кирган,

Кўнгил эшикларин ёпиб келардим.

Тутдек тўкилмасдим ҳасратларингда,

Куйиб кетмасмиди кутишларда жон.

Сен бор қум қасрли мамлакатингда,

Сен бор сайёрада бўлмасдим,ишон.

Қанийди,бир бора берилса имкон...

 

Малика Салимова