Қанийди унутсам Сизни


Бир лаҳза қанийди унутсам Сизни,
Ва ўша бир лаҳзада яшай олсам тинч.
Биргина лаҳзага ҳаёлингизни,
Чироқдек ўчириб қўймоқлик - илинж.

Дақиқа ичида бўлсаю бир он,
Ва ўша оз фурсат оғримаса дил.
Ва сўнгра майлига яна юз миллион
Йилларда яшасам беишқ, бекўнгил.

Бир кун, бир соатга эшитмасайдим,
Қасамлар, ваъдалар акс - садосини.
Бир тун тонг отгунча эсламасайдим,
Кечилган кўнглимнинг илтижосини.

Қанийди, бир лаҳза унутсам Сизни,
Ортига айланса соатлар сокин.
Ва Сиз менинг йўлимдан чиққар ўшал он,
Мен бошқа кўчага йўл олсам секин.

Қани кечиб бўлса ўшал оташдан,
Гулҳан бўлмасам ҳам шамдек сўнардим.
Сизсиз соғинчларда юз йил яшашдан,
Бир кун тинч яшашга жон деб кўнардим.

Ва сўнгра кетардим бир сўз демай,
Жим!
Юракни бир парча кафанга ўраб,
Ҳар тун тушингизга келаверардим,
Сизда қолиб кетган кўнглимни сўраб.

 

Малика Салимова