Она тилимиз


Ўрис моҳи тобон боқиб мен томон
Кулиб деди шодон: "Сизнинг тил ёмон!".
Дедим: "Қоши камон, айт, тили бийрон,
Тилларга келтириб бўлурму қирон?

 

Билки, аҳли Турон қадимдан буён
Севади ўз тилин, ҳа жонон, ишон!
Лабинг бурма бир ён, рост, учрар чаён,
Топилур ҳар қачон газанда илон!

 

Тилу элин арзон сотган беомон,
Айримлар, юрт осон боссин деб "меҳмон".
Билмам, дейму меҳмон ёки зўравон, 
Қириб, демай мезбон бўлгансиз комрон.

 

Дилда кўпдир армон, мисоли хирмон,
Яширсанг-да ҳамон барчага аён.
Тил ўрганиш осон, юзлари ширмон,
Она тилимизни куйла, эт баён!"

 

Музаффар Муҳаммадназар, 1992 йил.