ФАРЗАНД БЎЛОЛМАДИМ СИЗГА МУНОСИБ..


 

Тирикчилик дебман, ташвишлар дебман,
Эрта-кеч рўзғорим ғамини ебман.
Болам-чақам дебман, тўй-хашам дебман,
Ишга эрта кетиб, ярим тун кебман..


Онам.. омонат, деб ўйламабман ҳам,
Яхши кунларимни кўрмабман баҳам.
Минбарларга тўкиб энг асл сўзни,
Дардингиз сезмабман, бўлмабман малҳам...

 

Сизни ўлмайди деб ўйлаган сўқир - 
Бу қалбни қарғалар чўқиса арзир.
Камин тўлдирай деб ўтар дунёнинг
Савдойи кунига бўлибман асир...

 

Беназир, тенгсизим, биллур-шаффофим,
Борлиғим, ҳилқатим, шамсу қамарим.
Минг таассуф чексамда қайтмас жаннатим,
Қўлдан кетган давлат, кетган самарим.


Сизсиз ложувардмас, осмонлар кир-чир,
Сизсизлик аламдир, бахт - икир-чикир..
Дунё ҳам айланар теграмда чир-чир,
Онажон кечиринг, Оллоҳим кечир...

 

Фарзанд бўлолмадим СИЗга муносиб...
Казо-казоларга қилибми таъсиб
Бошим осмонларга тегиб қолибди
Энди...ОНА демоқ бўлмайди насиб...

Мумтоз Шаҳобиддин.