Буюк армоним


Узоқ йиллар ёзмадим ашъор,

Назм эмас, битганим наср...

Айрилиққа бўлдим-у дучор,

Ҳар бир куним баайни аср! 


Ёзолмадим СИЗга бир китоб,

Ваъдаларим энди бир армон...

Онажон, деб қиламан хитоб,

Ҳасратларим бир уюм хирмон! 


Билардим-ку ҳаёт ғанимат,

Бироқ босди кўзимни ғафлат.

Борлигингиз эди чин неъмат,

Бошим узра эдингиз давлат! 


Рози бўлинг мендан Онажон,

Асролмадим мен ғофил, гумроҳ!

Имкон бўлса берар эдим жон,

Ажал мени қилсайди ҳамроҳ. 


Ўксинаман, қийнар хотира,

Дейишади: "Қил энди сабр".

Нима қилай кетмайди сира,

Кўз ўнгимдан СИЗ ётган қабр... 


Излагайман тасалли фақат,

Учрашамиз боқий оламда.

СИЗсиз гўё меҳр ҳам қаҳат,

Хаёлларим СИЗдек ОНАМДА! 


Феруза дер: "Энди Онангиз -

Сизни асрар мисли фаришта".

Бўм-бўш фақат СИЗнинг хонангиз,

Қайда боғлаб тургувчи ришта?!! 


Кўникмоқлик қийиндир, ҳайҳот,

Хотирадан бўлмасдан жудо.

Қалбимдасиз мудом барҳаёт,

Жаннати қил ОНАМНИ Худо! 

Музаффар Муҳаммадназар.

2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот