Онаизоримга мувашшаҳ


 

     Ойижоним Наврўз байрамини, айниқса, бу пайтда дарахтларнинг гуллаган манзарасини томоша қилишни ёқтирардилар. Афсус... бу йилги Наврўзни кўриш Ойижонимга насиб қилмади... Ўтган йили туғилган кунларини АҚШнинг Нью-Йорк штатида синглим ва куёвим билан бирга нишонлагандилар. Келганларида таваллуд айёмларини ўзгача кўтаринки кайфиятда шодиёна қаршилаб оламиз, деган ниятда эдик. Таассуфки, бу йилги туғилган кунларини касалхонада ўтказганлари етмаганидек, ўша куни Бувижоним оламдан ўтгани Ойижонимга қаттиқ таъсир қилди. Мен Ойижонимга атаб ёзган мувашшаҳ шеъримни эътиборингизларга ҳавола этмоқчиман. Бош ҳарфлари узунасига ўқилганда Малоҳат Мирзомуҳаммад қизига деган сўзлар чиқади. Ойижоним, Наврўз айёмингиз билан қутлайман СИЗни. СИЗ биз учун барҳаётсиз, қалбимизда умрбод яшайсиз!

Мусибатлар топсайди жадал интиҳо,
Аллангизга маст бўлиб олса дил ором.
Ложувард кўкка боқиб қилгум илтижо:
Онажоним, СИЗгадир барча эҳтиром!
Ҳар дам Ўзингга Раббим этиб ибодат,
Ажринг, ҳажринг кўйида ўртайди танам.
Тилак, дуоларимни қилгин ижобат,
Мўлтирамасин йўлга мушфиқа ОНАМ!
Илинж, орзулари кўп эди бир олам,
Расмимга боқиб йиғлар ушбу кун ОНАМ...
Заъфарон рангги, дилда қайғу ва алам.
Ожиз вужуди титрар, йиғлаб кўзи нам.
Манглайда бор экан-да ҳижрон, айрилиқ.
Унутмоққа ҳаққим йўқ ОНАМни бир зум,
Ҳозир гоҳи қоронғу, гоҳ ёруғ борлиқ.
Алҳол, ОНАМ жонига Тангрим бер тўзим!
Мен баъзан туролмайман бу ҳолга чидаб,
Мен-ку эркак, ОНАМга қанчалар оғир!
Айирдилар юракка нишларин қадаб, 
Дастидан номардларнинг қон бўлди бағир.
Қувончли кунларимиз ОНАЖОН яқин,
Изтироб чекманг сира, шудир ўтинчим!
Зеро, ҳадемай бирга бўламиз тағин,
Интиҳо бўлар балки жами ўкинчим.
Гирён Музаффар ўзим, айлайман таъзим,
Асл шодлик СИЗ билан ҳаловат, тинчим!