Онам қарияпди


 

Қанча кунларим бор, саноғин билмам,
Келгандан кетишин тезлар давронлар,
Менку бўлаверай нима бўлсам ҳам,
Онам қарияпди, ёронлар!

Соғ юрган кунидан хаста куни кўп,
Ҳаёт синовлари калтаклади хўп,
Яна қанча кутар уни талатўп,
Онам қарияпди ёронлар!

Ўйлар юрагимни тортар ортига,
Сафарлар қиламан армон юртига,
Дардларин чиқазмай асло сиртига,
Онам қарияпди ёронлар!

Золим вақт кетига боқмас ўгрилиб,
Ҳасратдан бу жоним борар қоврилиб,
Кунлари йилларга беҳуд соврилиб,
Онам қарияпди, ёронлар!

Қарзларим сўнгича узмоқлик маҳол,
Мингтадан биттасин уздим эҳтимол,
Эй Тангрим, ол менинг кунларимдан ол!
Онам қарияпди ёронлар!

Нолимоқ гуноҳдир, гуноҳи кабир,
Ҳар не берганига қилурман сабр,
Фақат соғинмай тур онамни қабр,
Онам қарияпди ёронлар!

Малика Салимова