АМУДАРЁ


Бобомдан дуолар олган дарёсан, 

Отамдан омонат   қолган дарёсан.

Ҳақнинг ҳузурига боришдан олдин, 

Ки пирлар таҳорат олган дарёсан.


Юртим жанубида, гул соясида,

Кўк чой ичаяпсан Термизий билан 

Сен қанотли дарё борди келдинг бор,

 Хоразимий билан, Табризий билан.


Гужум соясинда   ҳадис ўқурсан,

Улли Пирим ўтган   азиз  эллара.

Маҳмуд Замахшарий заковатидек

Оқиб боражаксан   ташна диллара.


Дунё таъзим қилган Шайхул исломлар

Энгашиб етурлар   қирғоқларингга.

Ҳамон ариқларинг ақл тарқатар

Ал Беруний   ўтган қишлоқларингда.


Сув пари дур сочган қирғоқларингдан,

Шеър йиғиб оламан ҳар кун бир этак.

Ойни ўроқ қилиб ойдин оқшомлар,

Қамишларинг ўриб тўқийман эртак.


Навоий   симириб ичган таборак,

Томирларда оққан нурсан,зиёсан.

Номингга шеър айтмоқ менга муборак,

Амусан, жаннатдан чиққан дарёсан.

Зулфия Мўминова.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот