СУРАТ


Ёшлигим-ла узоқларда қолган йигит,
Ақлу, хушим ўзи билан олган йигит,
Бир кун келиб, севгисидан тонган йигит,
Бугун яна суратингга кўзим тушди.

Булутларим ёриб чиққан ойим бўлдинг,
Кўз ёшимдан жилдираган сойим бўлдинг,
Юрагимни ўғирлаган хоин бўлдинг ,
Бугун яна суратингга кўзим тушди.

Шеър тўкилди , ёзолмайин қўлим ёнди,
Хотирлардан вайрон бўлган дилим ёнди,
Севишимни титраб айтган тилим ёнди,
Бугун яна суратингга кўзим тушди.

Ҳар тун сочим ўз- ўзимга дорлар бўлди,
Жиловланган туйғум сенга зорлар бўлди,
Сенга етмай севгим бунда хорлар бўлди,
Бугун яна суратингга кўзим тушди.

 

***

БУ ТУН

 

О, нақадар чиройли бу тун, 
Кўзингиздек юлдузлар кулар. 
Ақлу-ҳушим олдингиз бутун, 
Сиз-ла олам қувончга тўлар.

Булутларни йиртиб чиқар ой, 
Зиёсини дилга сочмоққа. 
Номозшомгул очади чирой, 
Шайланади бағрин очмоққа.

Киприкларим титрар беуйқу, 
Ҳисларимни гувоҳи улар. 
Юрагимда ажиб бир туйғу, 
Бу не холки, у титраб турар.

Боколмайди сотқин, қўрқоқ кўз,
Нигоҳингиз нақд жон олади. 
Тош қотади тилим айтмай сўз,
Қалбчи , сизни ЖИМ ТАН ОЛАДИ!!!

 

***

Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Бир кун мени адо қилади.
Ишқ домига чўктириб буткул,
Мажнунсифат гадо қилади.

Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Самоларга элтяпди мени.
Ҳаёлларим бирам чалкашган-
Тинсиз таъқиб этяпди уни.

Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Юрагимга чўғ, оташ солди.
Бир сония тинч қўймас мени-
Ҳаловату тинчимни олди.

Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Бунча дилхуш, бунча мунаввар.
Дунё гўзал, дунё ўзгача,
Хушбуй гуллар сочмоқда анбар.

Ўша кўзлар , ўша қарашлар,
Чорламоқда мени яшашга.
Умидларим чироғин ёқиб,
Сочларимни минг хил тарашга.

Ўша кўзлар , ўша қарашлар,
Осмонига олиб кетмоқда.
Ишқдан шароб тутқизиб менга,
Олам- олам гуллар тутмоқда.

Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Тунларимни нурафшон қилди.
Чимдимгина меҳрини тутиб,
Кунларимни фаровон қилди.

Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Бахт улашди ҳар бир онимга.
Кўзим очди, дунёни кўрдим,
Қайтадан жон берди жонимга.

Ўша кўзлар, ўша қарашлар!!!!

 

КОМИЛА ҲИЛОЛ.