Келин бўлаётган қизга насиҳат


Қора кўзим, жон қизим,
Ширин сўзим, жон қизим.
Куёвтўра кўнглига,
Йўл тополган юлдузим.
Гўдакдек беғуборим,
Соғинганда хуморим.
Борган жойингда тош бўл,
Отилган палахмоним.
Бахт сочилсин йўлингда,
Бол тушмасин тилингдан
Қайнонанг ҳам айлансин,
Нозик ниҳол бўйингдан!
Ота-онанг ёлғизи,
Чуқур бўлсин илдизинг.
Этагингни тортқилаб, 
Эргашсин ўғил-қизинг.
Бу дунёнинг камини,
Ақлинг билан тўлдиргин.
Куёв аразчи бўлса,
Бир амаллаб кулдиргин.
Кўп рашк қилса севингин,
Қара қош-қовоғига,
Яна ҳам севиб қолар ,
Қарашсанг томоғига.
Овсинларга пахта от,
Юмшоқ бўлар болишинг,
Қайнонангни ОНА десанг,
Йўқ ҳаётдан нолишинг.
Йиғлоқи жиянчангнинг
Чинқириғи қўшиқ бўлсин,
Обрўталаб онажонинг,
Кўша-қўша бешик берсин.
Қозон товоқ, оту улов
Бу дунёда кам бўлмасин.
Келин -куёв, қўша қаринг,
Кўзларингиз нам бўлмасин!

 

ГУЛБАҲОР ЖУМАЕВА.