Муқаддас Аёл...


МУҚАДДАС АЁЛ!

Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди.
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Аввал: “Кел-ей, қучоғимга тўл, балқ”, дедилар,
Унамадинг, “аёл ўзи терс халқ” дедилар.
Ичолмагач, юз ўгириб: “шўр, талх…” дедилар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл,- деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим,- деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов ўтдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврада бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Ҳалима Худойбердиева.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот