ЯХШИЯМ СЕН БОР!!!


Гулдан гўзал ёр,
Аҳдлари бисёр,
Менинг бахтимга
Яхшиям сен бор.

Ой каби тўлиб,
Юрасан кулиб,
Қувончим бўлиб,
Яхшиям сен бор.

Мавжсан дарёда,
Авжсан навода,
Мен-ла дунёда
Яхшиям сен бор.

Бахтим бир олам,
Сен ўтли нолам,
Дардимга малҳам
Яхшиям сен бор.

Чиройга бойим,
Шўхликда сойим,
Ёнимда доим,
Яхшиям сен бор.

Гулдан гўзал ёр,
Аҳдлари бисёр,
Менинг бахтимга
Яхшиям сен бор.
МEНИ СEВИБ ҚОЛСАЙДИНГ

Сен боғдаги елдай шўх,
Бир дам ором олсайдинг.
Дерлар орзуга айб йўқ,
Мени севиб қолсайдинг.

Ёй нишонга етмасдан,
Фурсат мағлуб этмасдан,
Умрим ўтиб кетмасдан,
Мени севиб қолсайдинг.

Дунё синовли, шартли,
Ҳам қувончли, ҳам дардли,
Орзуйим бўлмай гардли,
Мени севиб қолсайдинг.

Қадру-қимматим билиб,
Бироз назарга илиб,
Кўнглимга шафқат қилиб,
Мени севиб қолсайдинг.

Келди меҳринг фурсати,
Бўлай васлинг улфати,
Ботирлигим ҳурмати,
Мени севиб қолсайдинг.

ГАР НОЛИСАК…

Зулмат ичра ўтар менинг туну-куним
Мен ҳам сиздай кўргим келар ой-қуёшни
Лек Тақдирдан нолимасдан яшайман жим
Фарёд солиб тошга урмам азиз бошни.

Шукур дейман оёқ-қўлим саломатдир
Гар нолисам, бу Худога маломатдир.

Минг бор шукур кўкка етар бўйларимиз
Ҳар кун тўйга уланмоқда тўйларимиз
Тирик жонни ризқин берар Қодир Худо
Элга тинчлик сўрар дуогўйларимиз.

Неъматларнинг энг яхшиси ҳаловатдир
Гар нолисак бу Худога маломатдир.

Тўрт ёнимда топганим чин ёру-дўстлар
Билинмайди унча-мунча каму-кўстлар
Фарзандларим кулгусини эшитсам бас
Хотиржамман кўрмаса ҳам майли кўзлар.

Қалбинг билан кўриш ҳам бир кароматдир
Гар нолисам бу Худога маломатдир.

Кимга эрта, кимгадир кеч келгай даврон
Кимларгадир бу кунлар ҳам бўлган армон
Синовларга сабр қилмоқ қандай гўзал –
Шунда ўзи қўллар бизни Буюк Раҳмон.

Шукур қилмоқ мўминликдан аломатдир
Гар нолисак бу Худога маломатдир.

Тақдирим шу, не қилса бош эгадирман
Ношукурга балки тошдай тегадирман
Кўзим ожиз бўлса ҳамки, меҳнат билан –
Санъат ичра ўз ўрнимга эгадирман.

Кўрмай туриб дунё кезиш – тароватдир
Гар нолисам бу Худога маломатдир.

Рози бўлинг дўстлар гўзал ҳаёт учун
Бу дунёга ечим бўлинг, бўлманг тугун
Дунё шундай оқшом кўрган одамингни,
Қайтиб кўрмай қолишлик ҳам мумкин бугун.

Тирикликнинг ўзиям зўр мукофатдир
Гар нолисак бу Худога маломатдир.

ҲАРБИЙ ЛИБОС КИЙГАН ҚИЗЛАР


Сафимизда қуёш бўлиб,
Юртни жондан суйган қизлар.
Тўмарисга издош бўлиб,
Ҳарбий либос кийган қизлар.

Гулласин шу чаман дейди,
Фидодир жону тан дейди.
Йигитлардек Ватан дейди,
Ҳарбий либос кийган қизлар.

Ёрига гул, қалам қошдир,
Дўстларига елкадошдир.
Ёвлар учун мисли тошдир,
Ҳарбий либос кийган қизлар.

Ҳам аччиқ, ҳам ширин сўзли,
Қайда бўлса ёруғ юзли.
Оҳу кўзли, лочин кўзли,
Ҳарбий либос кийган қизлар.

Зўрдир қуёнюрак шердан,
Ватан қадрин билмас эрдан.
Шиддатлидир ҳатто селдан,
Ҳарбий либос кийган қизлар.

Бахти бутун, бағри бутун,
Кўринг бунда миллат кучин,
Раҳмат шундай мардлик учун,
Ҳарбий либос кийган қизлар!

ҚИЗҒОН!


Ёққан ёмғир дема осмондан,
Унинг асли баҳри уммондан.
Дўстим, рашкни золимлик дема,
Кўнгилдаги рашк ҳам иймондан.

Онангдан ҳам сўралишинг бор,
Опангдан ҳам сўралишинг бор.
Синглингни ҳам бўш қўйиб қўйма,
Ўз ипингга ўралишинг бор.

Вафоли ёр сўрагин доим,
Сулув бўлсин, бўлсин мулойим.
Иймонга бой ширин қиз сўра,
Сўраганинг берар Худойим.

Онангдай пок изингни қизғон,
Опанг - ёруғ юзингни қизғон.
Синглинг кўнгил боғингнинг гули,
Аёлингни, қизингни қизғон!

Борингни ҳар даврага қўшма,
Ёрингни ҳар даврага қўшма,
Қизинг енгил-елпи киймасин,
Орингни ҳар даврага қўшма.

Бунга масъул этилдик бизлар,
Биздан қолсин покиза излар.
Дўстим, билиб қўй, ўз маҳрамин,
Қизғонмайди фақат тўнғизлар!

КЕЧИРМА МЕНИ!

   Бир ҳамюртимиз фарзандларининг онаси – жуфти ҳалолини тирикчилик учун хорижга юборибди. У аёл шўрлик бир қаҳвахонадан ўзига иш топибди. Кунларнинг бирида қаҳвахона бошлиғи, уйлари тўзғиб ётгани, уни тозалаб беришини сўраб, илтимос қилибди. Аёл рози бўлибди ва бошлиғи машинасида уйига олиб келибди. Уйда ҳеч ким йўқ экан. Бошлиқ аёлни қолдириб ўзи чиқиб кетибди. У уйни тартибга келтиришни бошлабди. Орадан ярим соатча фурсат ўтиб, бошлиқ қўлида пакетда егулик ва салқин ичимликлар билан қайтиб келибди. Бир пасдан кейин аёл мундоқ эътибор берса, бошлиқнинг шашти бошқача, унга оч бўридай тикилиб турганмиш. Аёлнинг сезганини билган уй эгаси, унга яқинлашиб, белидан қучмоқчи бўлибди. Аёл эса унга бир тарсаки тушириб, бошимда эрим бор, нима қиляпсиз, деб ташқарига отилибди. Бошлиқ карахт аҳволда қолибди. Аёл катта кўчага чиқиб, йўлнинг бир четида қаҳвахона томон шаҳдам юриб кетаркан, ортидан машинада бошлиғи етиб келиб:
– Синглим, эрим бор, дедингми? Ростдан эринг борми? Нега унда сендак гўзал, вафодор аёлни бу аҳволга солди? Илтимос, кечир мени, мен эринг йўқ бўлса керак, деб хато қилдим.
– Хўп, эрим йўқ ҳам дейлик, барибир гуноҳ эканини билмайсизми?
– Биламан, биламан! Бўлди, тавба қилдим, мени кечир! Истасанг, бугуноқ ойлигингни ўн ҳисса ошириб бериб, учоққа чипта олиб, юртингга кузатиб юбораман, фақат мени кечирсанг бўлди, қардошим, деб обдан ялинибди.
   Бошлиқ сўзида турди. Маошини ортиғи билан тўлаб, аэропортга олиб бориб, кузатаркан:
– Эрингга айт, сени бошида кўтариб юрсин! Сен дунёдаги энг олижаноб, ҳурматнинг энг гўзалига муносиб аёлсан! Қанийди ҳамма аёллар сенга ўхшаса. Кечирганинг учун раҳмат, бу қилмишим Худонинг ҳузурига қолганда ҳолимни нима кечарди, раҳмат, синглим, оқ йўл, агар турмушингда моддий қийинчилик туғилса, менга тортинмай айт, сени синглим деб қабул қиламан, деб ташриф қоғозини аёлга узатибди.
   Энг қизиғи, ўша содир бўлган кўнгилсиз воқеадан сўнг қаҳвахона бошлиғи ўша аёл билан бирга ишлаган бошқа бир аёл орқали эрини телефон рақамини ёзиб олган экан. Аёлни кузатиб юборгандан сўнг, бўлиб ўтган барча воқеани смс орқали аёлнинг эрига юбориб, бундай аёлни қадрламасанг, охиратинг куяди, орқадош, деб таъкидлабди. Қуйидаги шеър смс хабарни ўқиган эрнинг пушаймонлари...

Сени қисмат чоҳига отдим,
Кечирма, ёр, кечирма мени!
Хато қилдим, гуноҳга ботдим,
Кечирма, ёр, кечирма мени!

Бир жонимда афсуслар минг-минг,
Мен нодонга яна бош эгдинг,
Поклик билан қисматни енгдинг,
Кечирма, ёр, кечирма мени!

Чанг солганим рост – роҳатингга,
Лолман сабринг ҳам тоқатингга,
Арзимайман садоқатингга,
Кечирма, ёр, кечирма мени!

Пушаймонли нолам учун ҳам,
Кеч берган – гул, лолам учун,
Зор йиғлаган болам учун ҳам,
Кечирма, ёр, кечирма мени!

Эр бўлдиму эрлик қилмадим,
Шер жуфтимга шерлик қилмадим,
Тиллога тенг қадринг билмадим,
Кечирма, ёр, кечирма мени!

Сен ғолиб, мен ютмоқдаман, лек,
Синдим, қаддим тутмоқдаман, лек,
Кечиришинг кутмоқдаман, лек,
Кечирма, ёр, кечирма мени!

Жоним, десам энди чин дейман,
Меҳринг мангу ичиргин, дейман.
Тиз чўкканча кечиргин, дейман,
Кечирма, ёр, кечирма мени!

ЭРКАКЧА БИР ГАП

Юмушинг  изимни кўппакдек пойлаш,
Ҳунаринг ортимдан фитналар ёйиш.
Энг суйган ишинг бу шаънимни лойлаш
Ва бундан мақсадинг қувонч-ла “бойиш”.
Билмайман, нимага бундай маҳлуқсан,
Беором юришим сенга ҳаловат?!
Сувдан чиқиб ҳамки, мудом қуруқсан,
Сенинг саломинг ҳам асли маломат.
Ҳис қилмайсан ҳавас ўзи нима у,
Сен шўрликка эшмас ҳеч сизу бизлик.
Наздингда ҳасадинг  қаҳрамонлигу,
Менинг бахт-омадим адолатсизлик!
Борлигим борлиғинг эзар кун сайин,
Яхшилик ҳақида ўй сургинг келмас.
Шоир бўлган бўлсам, нима қилайин,
Худонинг ҳукмига бўйсунгинг келмас.
Ғалаба қозонсам, чекасан азоб,
Бу ютуқ Ҳақ берган сўзимникидир.
Сен ҳам сўз ортидан юрибсан, жаноб,
Менинг ҳам йўлларим ўзимникидир.
Менимча одамдай гаплашиш бенаф,
Яшнасам, юз-кўзин юлганлар билан.
Сенга айтиб қўяй эркакча бир гап,
Олишма омади кулганлар билан!

ОДАМ БЎЛИШ БАХТ

Тоғлар осмонўпар, аммо жим яшар,
Шундан милён йиллар кетмас йиқилиб.
Боғлар сахийликда гўё беллашар,
Бағрига бир кун куз келишин билиб.

Агар яхшиликка қилмаса хизмат,
Қўлдаги ҳар қалам, бир қарич чўпдир.
Минг афсус, бу қисмат энг ёмон қисмат -
Илмидан исёнга кетганлар кўпдир.

Ўздан кетган баъзи олимдан кўра,
Тақдир золимларга дўст қилсин мани.
Нимага ўхшашин элимдан сўра,
Ўз илмига амал қилмас муллани.

Одам бўлиш қийин, одам бўлиш бахт,
Буни билмаган бош, гўштдир бир ўрам.
Атрофимга боқсам, бўламан карахт,
Ҳар ёғим олимлар, бироқ одам кам.

ОРАМИЗДА

Ҳар феъли эл ҳурматига лойиқлар бор орамизда,
Қалб эшиги барчага тенг очиқлар бор орамизда.
Капалакдай гулдан гулга қўнгичларни гапирмайлик,
Булбул каби бир гулга қул – ошиқлар бор орамизда.
Хиёнатнинг умри қисқа, аммо унинг уруғи кўп,
Садоқат ҳам қуруқ эмас, содиқлар бор орамизда.
Бугунги кун одати шу - дўстлик ипи омонатдир,
Минг афсуски, содиқдан кўп “собиқлар” бор орамизда.
Ҳаёт гўё емакхона, биримиз ош, биримиз нон,
Бир кам дунё – ювилмаган қошиқлар бор орамизда.
Кимдир мағрур бургут эрса, ликиллатгай кимдир думин,
Сор панжасин артар шундай сочиқлар бор орамизда.
Қанча зотлар ор йўлида дунёдан воз кечди, кўрдик,
Ғурур деган шундай бахтдан фориғлар бор орамизда.
Раҳмон асрар иймонимиз, шайтон унга санчгайдир тиғ,
Фозил билан бўлиб сирдош фосиқлар бор орамизда.
Ботир, нетай, ўз бўйнига арқон солиб, бир учини – 
Сенинг бошингга солгувчи қозиқлар бор орамизда.

Ботиржон ЭРГАШЕВ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот