Вирус ва иблис


Аёл ялинади: "Бошқа пулим йўқ"
Уловжой... Ўкинчдан қалб тортар изза.
Йўл ҳаққин оширар кўзин қилиб лўқ,
Ойдан тушган каби баднафс Қулмирза.

"Вирус келса кепти..." Силтар қўлини...
Оғзингдан чиққан гап урсин ёқангга.
Қулмирза, ўзгадан шилган пулингни
Ўзинг е! Бермагин бола-чақангга...

Миллат уйғонмаса кулфат босган дам
Тиллани тепкилаб қутиради мис.
Сийрати тўнғизу суврати одам
Пайдо бўлар гоҳо бир гала иблис.

Уловжой. Воҳами ё Водий йўли -
Ичига ютмоқда ҳар ким қаҳрини.
Осмонга ўрлаган йўлкира пули
Киракаш, қўшдингми отанг нархини.

Ҳатто ўлатни ҳам эмдинг, очназар,
Беписанд боқасан, димоғингда дўқ.
Ҳатто вирус сендан қилмоқда ҳазар
Ниқоб тақмоққа ҳам хатто юзинг йўқ!

Қулмирза, билиб қўй, ўтар бу дамлар...
Бироқ бугун билдим ким дўст, ким лаин.
Эртага юртимни тутса байрамлар
Асло, ўзбекман деб гап очма, хоин!

22 март, 2020 йил.
Қўчқор Норқобил