Нима бўпти?


 

Нима бўпти, Сизга ёқмасам,
Кўзларимни ёшлаб кетайми?
Севаман, деб ичайми қасам,
Ё дунёни ташлаб кетайми?

Ёқмаганлар юрмасми омон –
Ё дунёдан кечайми тамом?!.
Энди қулаб тушарми осмон?
Нима бўпти сизга ёқмасам?!

Севар мени кекса ҳамда ёш,
Яхши кўрар безори, бебош.
Севар ҳатто нотенгим, тенгдош,
Нима бўпти сизга ёқмасам?!

Изларимга зорлар саноқсиз,
Сўзларимга зорлар адоқсиз,
Сиз булбуллар ичра бир зоғсиз,
Нима бўпти зоғга ёқмасам?!

Бу оламнинг сарҳади катта,
Бу дунёнинг ўзи бир қарта.
Сабр ила кутгум, албатта,
Сизга ёқмай қопмиз-да, битта?!.

Маънилини маънисиз еди,
Совуқ турқлар жонимга тегди.
Қалб эгилмас, ғурурим енгди –
Чекинмоқнинг имкони келди...

Қайтиб келгум бир кун олов бўб,
Бошингизга битган бало бўб,
Тутаб турган ўтга қалов бўб,
Нима қилай сизга ёқмасам?!

Фақат билинг, бу сўнгсўз эмас!..
Ҳақ суйганни номард енголмас
Кетса ҳам-ки, мендек кетолмас,
“Ал қасосу, минал ҳақ қолмас!”
Нима бўпти сизга ёқмасам?!

 

Мумтоз Шаҳобиддин